Ўққа учган болалар, мотамзада оналар – йил фотолари эълон қилинди

Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги ўтказиб келаётган Istanbul Photo Awards танловининг бу йилги ғолиблари эълон қилинди.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорига кўра фаластинлик фотограф Саид Жараснинг “Ғазо, Дайр ал-Балаҳ” деб аталган сурати “Йил фотосурати” деб топилди. Суратда Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган фарзандларига мотам тутаётган ота-она акс этган. Ушбу фожиа 2024 йилнинг август ойида Дайр ал-Балаҳдаги қочқинлар лагерида рўй берган.
Шунингдек, 10 та номинация бўйича жами 29 нафар фотосуратчи тақдирланган.
“Якка янгилик” номинациясида Саҳер Алғурра (Фаластин) олган фотосурат эътироф этилди. Унда Ғазо секторидаги Нусайрат қочқинлар лагери бомбаланиши оқибатида ҳалок бўлган болакай Зиёд билан видолашаётган она мусибати акс этган.
“Туркум янгиликлар” номинациясида AFP мухбири Умар Ал-Қатта (Фаластин) томонидан олинган суратлар ғолиб деб топилди. Фотограф Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатларини тасмага муҳрлаган.
“Якка спорт” номинациясида AFP мухбири Жеремо Бруйе (Франция) биринчи ўринга лойиқ кўрилди. У олган фотосуратда бразилиялик сёрфингчи Габриэль Мединанинг Париж Олимпиадасидаги зафарли чиқиши тасвирланган.
Reuters фотографи Ҳанна Макай (Буюк Британия) “Туркум спорт” номинациясида ғолиб деб эълон қилинди. Унда америкалик гимнастикачи, Париж Олимпиадасида бир неча олтин медални қўлга киритган Симона Байлзнинг маҳорати акс этган.
“Якка табиат ва атроф-муҳит” номинациясида European Pressphoto Agency (EPA) фотографи Антон Бринкнинг (Исландия) ижодий иши эътироф этилди. Фотограф Исландиянинг Гриндавик шаҳри яқинида вулқон отилишини тасмага муҳрлашга муваффақ бўлган.
“Табиат ва атроф-муҳит туркуми” номинациясида AFP фотографи Луис Татонинг (Испания) ижодий ишлари биринчи ўринга сазовор бўлди. Мазкур туркумдаги фотосуратлар Шарқий Африкадаги сув тошқинларига бағишланган.
“Якка портрет” номинациясида афғонистонлик аёл тасвири билан фотограф Мауро Де Беттио (Италия) ғолиб деб топилди.
The New York Times нашри билан ҳамкорлик қилиб келаётган фотограф Самар Абу Элоу (Фаластин) “Туркум портрет” номинациясида ғолиб чиқди. Ушбу туркумдаги фотосуратларда Исроил ҳужумлари оқибатида мажруҳ бўлиб қолган ғазоликлар тасвирланган.
“Якка кундалик ҳаёт” номинациясида ғолиб чиққан ижодкор Маҳмуд Заки Салим Исанинг (Фаластин) ишларида Фаластиндаги очарчилик оқибатлари акс этган.
“Кундалик ҳаёт туркуми” номинациясида эса фотограф Валентина Синис (Италия) биринчи ўринга сазовор бўлган. Ушбу туркум афғон аёлларининг ташвишлари ва қувончлари ҳақида ҳикоя қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter