Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўргимчак тўри»: Украина дронлари Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётини йўқ қилган

«Ўргимчак тўри»: Украина дронлари Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётини йўқ қилган

1 июнь, якшанба куни Украина хавфсизлик хизмати бир ярим йилдан буён тайёрлаб келинган «Ўргимчак тўри» махсус операциясини амалга оширди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида Россиянинг 41 та стратегик авиация самолёти йўқ қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги берган расмий маълумотга кўра, Украина дронлари Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги бешта аэродромга ҳужум қилган. Идора ҳужум кўлами ва етказилган зарар ҳақида маълумот бермаган.

Бироқ, Украина Хавфсизлик хизмати махсус операция оқибатида етказилган зарар Россия томонига 7 млрд АҚШ долларига тушишини ёзган. Украина томонининг қайд этишича, Россиянинг асосий аэродромларида жойлашган стратегик қанотли ракета ташувчиларининг 34 фоизига зарар етказилган.

Махсус операциядан сўнг мурожаат билан чиққан Зеленский Россия аэродромларига ҳужумни расмий равишда тасдиқлаб, «мутлақо ажойиб натижа» эканлигини айтди.

«Бу Украина томонидан мустақил тарзда амалга оширилган ҳаракат. Буни режалаштириш бошланганидан самарали амалга оширилишигача бир йил, олти ой ва тўққиз кун ўтди. «Ўргимчак тўри» операциясини тайёрлаган одамларимизни Россия ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқиб кетдик», – дейди Украина президенти.

У, шунингдек, Россиядаги бомбардимончи самолётларга ҳужум бўйича махсус операцияни тайёрлаш маркази айнан Россияда жойлашганини таъкидлади.

«Бизнинг операциямиз штаби Россия ҳудудида, уларнинг вилоятларидан биридаги Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) бошқармаси ёнида жойлашган эди», – дейди Зеленский.

Таъкидланишича, операция давомида жами 117 дрон ишлатилган ва улар операторлар томонидан масофадан туриб бошқарилган.

Маълумот учун, операция логистика нуқтаи назаридан ниҳоятда мураккаб бўлиб, дастлаб, FPV-дронлари яширин равишда Россияга олиб келинган. Кейинчалик, улар белгиланган ҳудудлардаги кичик ёғоч контейнерларга жойлаштирилган. Операцияни амалга ошириш вақти келганда эса, контейнерларнинг томи масофадан туриб очилган ва дронлар Россия стратегик бомбардимончи самолётларини йўқ қилиш учун учиб кетган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг