Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон элчихонасига тегишли машина Вашингтонда ўққа тутилди

Озарбайжон элчихонасига тегишли машина Вашингтонда ўққа тутилди

Озарбайжоннинг АҚШдаги элчихонаси.

Фото: «Apa.az»

11 октябрга ўтар кечаси Озарбайжоннинг АҚШдаги элчихонаси хизмат машинаси Вашингтонда ўққа тутилди. Дипломатик ваколатхона ҳодиса юзасидан мезбон давлатнинг тегишли идораларига зудлик билан хабар берган, видеокамера ёзувлари тақдим этилган. 

Бугун эса АҚШнинг Бокудаги муваққат ишлар вакили Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга ҳодиса юзасидан норозилик билдирилган, дипломатик ваколатхона хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратилиши талаб қилинган.

Озарбайжон ташқи сиёсат маҳкамасига кўра, сўнгги вақтларда мамлакатнинг Вашингтон, Париж, Байрут ва бошқа шаҳарлардаги элчихоналарида радикал арман гуруҳлари томонидан ҳужумлар ва вандализм ҳаракатлари содир этилган. Ўтган йиллар давомида бир неча дипломатлар террор қурбони бўлган.

«Афсуски, сўнгги вақтларда Озарбайжон дипломатик ваколатхоналари ва Озарбайжон жамоаси вакилларига нисбатан амалга оширилган ҳужумлар бўйича очилган жиноий ишлар доирасида ҳеч ким жавобгарликка тортилмади», – дейилади ТИВ баёнотида.

Таъкидланишича, Вашингтонда рўй берган ҳодиса тергови расмий Боку назоратида бўлади.

Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги жорий йил сентябрь ойида мамлакатнинг хориждаги ваколатхоналарига содир этилаётган ҳужумлардан жиддий хавотирда изҳор этиб, радикал гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган ҳамлалар тўлақонли тергов-текширувга тортилиши лозимлигини талаб қилиб чиққан эди.

Расмий Боку Вена конвенциясига кўра мезбон мамлакатлар хорижий дипломатик ваколатхоналарни турли ҳужум ва ҳамлалардан муҳофаза этишга доир керакли чора-тадбирларни кўриши кераклигини эслатиб келмоқда.

Жорий йил 4 август куни ҳам Озарбайжоннинг Буюк Британиядаги элчихонасига ҳужум уюштирилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ғаразли мақсадда уюштирилган ҳужумни қатъий қоралаб баёнот берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг