Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Путин Захарованинг заҳарханда пости сабаб узр сўрашга мажбур бўлди

Президент Путин Захарованинг заҳарханда пости сабаб узр сўрашга мажбур бўлди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин Сербия раҳбари Александр Вучичдан кечирим сўради.  Бу ҳақда Сербия президенти миллий телевидение эфирида маълум қилган. Бунга эса Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг кинояли пости сабаб бўлган.

«Президент Путин ҳам, (ташқи ишлар вазири) Сергей Лавров ҳам мендан бирор марта узр сўрамаган. (Захарованинг пости) сабаб ҳар иккиси шундай қилди. Айни чоқда, тарбияли инсон сифатида ўтган ишни эслатиб ўтирмадим», – деган Александр Вучич.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Путиннинг узрхоҳлик қилганини тасдиқлаган.

Ҳаммаси Россия ТИВ расмий вакили М.Захарованинг постидан бошланди. Гап шундаки, Сербия президенти ўтган ҳафта Вашингтон шаҳрида президент Дональд Трамп воситачилигида Косово етакчиси билан музокаралар олиб борди. Серб оммавий ахборот воситалари президент Вучичнинг Оқ уйда Д.Трамп қаршисида ўтирган суратини эълон қилди. Россия ТИВ расмий вакили М.Захарова Фейсбукдаги саҳифасида Сербия президентининг ушбу суратини «Асосий инстинкт» фильмидаги бепардароқ саҳна билан муқояса этган ҳолда пост қолдирди.

Россия ТИВ воизининг пости расмий Белграднинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Президент Вучичнинг ўзи мазкур постни бемаъни ва примитив деб атади. Серб сиёсатчиларнинг кескин баёнотлари ортидан М.Захарова пост нотўғри талқин этилганини билдириб узр сўради.

Москва ва Белград ўртасидаги дипломатик танглик икки президентнинг мулоқот орқали ечилди. Кремль матбуот хизматига кўра, ушбу можародан кейин президентлар Путин ҳамда Вучич телефон орқали мулоқот қилган.

Россия ТИВ расмий вакили М.Захарова жорий йил май ойида Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан мунозарали баёноти билан жамоатчиликда кучли эътироз уйғотган эди.

Жорий йил июнь ойида эса воиз хоним Руминия сиёсатдонларида мустақил фикр йўқлигини иддао қилиши ортидан яна бир дипломатик можарога сабаб бўлган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг