Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин — «сизни тушликда ейдиган диктатор». Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп дебатда баҳслашишди

Путин — «сизни тушликда ейдиган диктатор». Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп дебатда баҳслашишди

АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп жонли эфирда ўзларининг биринчи ва эҳтимол ягона сайловолди теледебатларини ўтказдилар. Баҳс сайловга икки ойдан камроқ вақт қолганида бўлиб ўтди.

Мунозаранинг биринчи қисмида ABC News телеканали бошловчиси Девид Мюир томонидан берилган биринчи савол иқтисодга қаратилди: «Америкаликлар тўрт йил аввалгига қараганда яхшироқ аҳволда эканига ишонасизми?» — деб сўради у.

Ҳаррис биринчи бўлиб жавоб берди ва у «имкониятлар иқтисодиёти»ни қуришни режалаштираётганини айтди. У уй-жой муаммосини ҳал қилиш, ёш оилалар ва кичик бизнесга ёрдам беришга ваъда берди.

Трампнинг айтишича, демократлар тўрт йил ичида иқтисодни вайрон қилган, Ҳаррис эса Жо Байденнинг иқтисодий дастуридан шунчаки кўчириб олган.

«Доналд Трамп бизга Буюк Депрессиядан кейинги энг ёмон ишсизлик ҳолатини қолдирди. Биз [демократлар] Трамп яратган тартибсизликни тозалаш билан вақт ўтказдик», деди Ҳаррис.

Айбловлар

Баҳс давомида номзодлар бир неча бор бир-бирини ёлғончиликда айблади.

«Агар у сайланса, бу мамлакатимизнинг охири кунлари бўлади. У марксист, унинг марксист эканлигини ҳамма билади. Унинг отаси марксист иқтисод профессори ва у унга шу бўйича таълим берган», — дейди Трамп.

Ҳаррис Трампнинг сўзларини шарҳлар экан, «уят» сўзини бир неча бор ишлатади.

«Дунё етакчилари Трамп устидан кулишмоқда. Мен ҳарбий раҳбарлар билан гаплашдим, уларнинг баъзилари сиз билан бирга ишлаган ва улар сизни «шармандали» деб айтишади», —деди Ҳаррис собиқ президентга юзланиб.

 «Путин сизни тушликда хўрак қилади»

Шу аснода баҳс Украинадаги уруш мавзусига ўтади.

Трамп уруш тугаши кераклигини ва у бунга эриша олишини айтади.

«Владимир Путин ва Владимир Зеленскийни яхши биламан. Улар мени ҳурмат қилишади ва Байденни назарига илишмайди. Нега уни ҳурмат қилишсин?» — дейди у.

Ҳаррис бунга жавобан Трамп сайловда Байден билан эмас, у билан курашаётганини эслатади.

«НАТОдаги иттифоқчиларимиз сизнинг президент бўлмаганингиздан жуда миннатдор», — дейди Ҳаррис Трампга. — «Агар Доналд Трамп президент бўлганида, Путин ҳозир Киевда ўтириб, Полшадан бошлаб Европанинг қолган қисмига назар ташлаётган бўларди».

Путин «сизни [Трампни] тушликда ейдиган диктатор», қайд этади Ҳаррис.

Трамп Ҳаррисни «тарихдаги энг ёмон вице-президент» деб атади ва у вице-президентлик даврида урушнинг олдини ололмаганини айтди.

Номзодлар яна нималар ҳақида гапиришди?

Аборт мавзуси: Трамп АҚШда чақалоқ туғилгандан кейин аборт қилиш қонуний бўлган штатлар борлигини айтди, бу даъво баҳс бошловчиси томонидан рад этилди. Абортни тақиқловчи қонун лойиҳасига вето қўясизми, деган саволга собиқ президент «буни муҳокама қилишдан маъно йўқ, чунки бундай қонун Конгресс томонидан қўллаб-қувватланмайди», деди. Ҳаррис абортга бўлган конституциявий ҳуқуқни қайтариш тарафдори бўлиб, штатлар абортга нисбатан ўз чекловларини жорий қила бошлаганидан бери аёллар дуч келган қийинчиликларга ишора қилди. Унинг айтишича, Трампнинг аборт сиёсати америкалик аёлларни хуноб қилган.

Миграция: Миграция ҳақида сўралганда, Трамп АҚШга келган муҳожирлар уй ҳайвонларини еяётгани ҳақидаги фитна назариясини такрорлади. Телеканал журналисти яна баҳсга аралашди, ушбу миш-миш тасдиқланмаганига ишора қилди. Бу собиқ президентда яққол ғазабга сабаб бўлди. Ҳаррис бу ҳолатдан кулиб, бош чайқади.

Трампга қарши айбловлар: Калифорниянинг собиқ бош прокурори Ҳаррис Трампнинг «мигрантлар жиноятлари» ҳақидаги гапларига жавобан унинг жиноий тарихи ҳақида эслатди. «Буни миллий хавфсизлик, иқтисодий жиноятлар, сайловларга аралашиш учун жиноий жавобгарликка тортилган кишидан эшитяпмизми», деди у. Бунга жавобан Трамп унга қарши очилган барча ишларнинг сохта эканлигини айтди.

Капитолийга ҳужум: Трамп сўнгги сайловда мағлуб бўлганини тан олмади ва 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб кирганидан афсусда эмаслигини айтди. «Мен деярли 75 миллион овоз олдим, бу ҳозиргача президент бўлганларникидан кўп овоз эди», деди у. Трамп, шунингдек, Вакиллар палатасининг собиқ спикери Ненси Пелосини Капитолийга бостириб кириш пайтидаги хавфсизлик муаммоларида айблади.

Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши: Ҳаррис бу борадаги баъзи олдинги баёнотларини такрорлаб, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо буни қандай қилиш муҳимлигини айтди. «Бу уруш тугаши керак. Бу зудлик билан тугаши керак», деди у. Трамп, агар у президент бўлганида, можаро ҳеч қачон бошланмаслигини айтди. «У Исроилдан нафратланади. Агар у президент бўлса, икки йилдан кейин Исроил йўқ бўлиб кетишига ишонаман», — деди Трамп.

Ўзининг якуний нутқида Ҳаррис август ойида бўлиб ўтган Демократик партиянинг миллий қурултойидаги нутқида айтган сўзларини такрорлади: «Биз орқага қайтмаймиз».

Трамп ўзининг якуний нутқида Ҳаррисга яна ҳужум қилиб, унинг сиёсий дастури ҳеч нарсани англатмаслигини ва у вице-президент сифатидаги тўрт йил давомида ҳеч нарса қилмаганини айтди. «Биз жиддий таназзулга юз тутган мамлакатмиз. Бутун дунё бизнинг устимиздан кулишмоқда», деди у.

АҚШнинг собиқ президенти 78 ёшли Доналд Трамп Республикачилар партияси номзоди сифатида кўрсатилган эди.

АҚШнинг амалдаги вице-президенти 59 ёшли Камала Ҳаррис август ойида, Жо Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиб кетганидан сўнг, Демократлар партиясидан президентликка номзод бўлди.

Дебат вақтидаги сўровларга кўра, ҳар икки номзодни қўллаб-қувватлаш даражаси тахминан бир хил бўлган.

Баҳс Филаделфиядаги Конституцияни ўрганиш миллий марказида бўлиб ўтди ва икки қисқа танаффус билан 90 дақиқа давом этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг