Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон – Тожикистон чегарасида яна тўқнашув: бир чегарачи ҳалок бўлгани айтилди

Қирғизистон – Тожикистон чегарасида яна тўқнашув: бир чегарачи ҳалок бўлгани айтилди

Бугун Исфара тумани Чоркуҳ маҳалласидан ўтган Тожикистон-Қирғизистон чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлган. Тожикистон томонида бир чегарачи ҳалок бўлди, яна икки нафари яраланди, дея хабар берди «Asia Plus»га маҳаллий аҳолидан бири.

«Қирғизистон чегарачилари Тожикистон ҳудудига (Исфара тумани Чоркуҳ маҳалласи, «Ваҳдат» ҳудуди) ўтиб, тожик чегарачиларидан бу ҳудудни тарк этишни талаб қилишган», – дейилади хабарда. «24.kg» сайтидаги версияга кўра, Тожикистон чегарачилари Қирғизистон чегарачиларидан жойни тарк этишни талаб қилган.

Шунга қарамасдан, мунозарага нима сабаб бўлгани ҳали маълум эмас. Душанбе ва Бишкек вазият тўғрисида расмий баёнот берганларича йўқ.

Ҳозирда икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари жойларда иш олиб бормоқда, вазият таранглигича қолмоқда. Исфара шаҳар марказий касалхонасида ҳалок бўлган чегарачи борлиги тасдиқланган, яраланганларнинг сони ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, Қирғизистон томони йўқотишлар ҳақда гапиришдан тийилмоқда.

«Отишма натижасида қирғиз томонидан ярадорлар ва жароҳатланганлар йўқ», – дейилади Қирғизистон чегара хизмати хабарида.

Қирғизистон–Тожикистон чегарасидаги тўқнашувлар тарихи

2021 йил 28 апрел куни Қирғизистон–Тожикистон чегарасида Кўк-Тош ва Хўжаи Аъло ўртасидаги тўқнашув содир бўлди. Тўла бўлмаган маълумотларга қараганда, тўрт киши ҳалок бўлган ва ўнлаб кишилар яраланган.

29 апрел куни Қирғизистоннинг Кўк-Терек қишлоғида ҳамда Боткен ва Лейлек туманларидаги баъзи бошқа қишлоқларда ҳар икки томондан камида 41 киши ҳалок бўлган. Тахминан 10 000 киши эвакуация қилинган. 30 апрел куни ўзаро тўқнашувлар тўхтатилишига эришилган эди.

2 май куни Қирғизистондаги 30 мингдан ортиқ фуқаросини чегара яқинидаги Боткен вилоятидан эвакуация қилди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Тожикистон чегарадаги вазият барқарор ва осойишта эканини маълум қилган, бироқ кейинчалик Боткендаги чегара яқинидаги уйда портламай қолган ракета топилиб, кенг муҳокамалага сабаб бўлган эди. 3 май куни ҳар икки давлат чегарадан қўшинларини олиб чиқишни якунлади.

9 июл куни ўт очишни тўхтатишга қарамай, тожик ва қирғиз чегарачилари ўртасидаги тўқнашувда бир қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлди.

Шу йилнинг январида Қирғизистон – Тожикистон чегарасида, Торт-Кочо манзилида ҳар икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлган эди. Ўшанда тожик ҳарбийлари Боткен туманидан ўтувчи Ўш – Исфана йўлининг Торт-Кочо манзилидаги қисмини бир томонлама ёпиб қўйишганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг