Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия ядро қуроли қўллайдими? Етакчи экспертлар жавоб берди

Россия ядро қуроли қўллайдими? Етакчи экспертлар жавоб берди

Россия Федерациясининг Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаши аъзолари Украина ва Европага ядро зарбаси бериш зарурлиги ҳақидаги чиқишларга муносабат билдирди.  

Экспертлар бу борадаги ҳиссиётларга асосланган фикрларни кескин қоралаб, масъулиятсизларча билдирилаётган таклифлар Россия жамиятида ҳалокатомуз қарор қабул қилишга ундовчи кайфият уйғотишидан огоҳлантирган.

Қайд этилишича, Москва томонидан тактик ядро қуролининг қўлланиши глобал ядро урушига ва дунё бўйлаб юз миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуриши олиб келади. Пировардида бутун одамзод ҳаёти муқаррар хавф остида қолади.

«Биз – Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш аъзолари, бундай таклифларни мутлақ номақбул деб ҳисоблаймиз ва бир овоздан қоралаймиз. Ҳеч ким, ҳеч қачон инсониятни ядро қуроли қўллаш билан шантаж қилиши мумкин эмас», – дейди Россиядаги нуфузли тузилма вакиллари.

Баёнотда кенгаш аъзолари орасида ҳам Украинадаги ҳарбий таранглик шароитида превентив ядро зарбаси бериш таклифи билан чиққанлар борлиги қайд этилган. Бу ўринда президент Владимир Путин командасига мансуб сиёсатшунос Сергей Карагановнинг баҳсли мақоласи назарда тутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш асосчиларидан бири Сергей Караганов Ғарб иродасини синдириш ва Украина урушида ғалаба қозониш омили сифатида Кремлга тактик ядро қуролини истифода этишни таклиф қилган эди.

Россия Фанлар академияси академиги, Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти қошидаги марказ раҳбари Алексей Арбатов мурожаатномага имзо чеккан экспертлардан биридир. Олим РБК нашрига берган интервьюсида НАТО давлатларига қарши ядро қуролини ишга солиш таклифини ўт билан ўйнашиш, масъулиятсизлик ва провокация деб атаган.  Академикнинг фикрича, Россия ядро қуролини қўллаши лозимлиги ҳақидаги баёнотлар бутун мамлакат позициясини акс эттирмайди.  

Кейинги вақтларда Россия олий раҳбарияти ядро қуроли ишга солиниши ҳақида гоҳ ошкора тарзда, гоҳ ишоралар билан баёнотлар бериб келмоқда.

2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.

Путин 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев ҳам Москва ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини бир неча бор писанда қилган.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс В.Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.

Сўнгги хабарларга кўра, AҚШ, Франция ва Буюк Британия Россияни Украинада тактик ядро қуроли қўлласа, қақшатқич жавоб зарбаси ҳақида огоҳлантирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг