Швеция қироли ва қироличаси, Мозамбик ва Мавритания президентлари коронавирусга чалинди
Коронавируснинг «омикрон» штамми пайдо бўлганидан сўнг, вируснинг юқувчанлиги ошиб кетди. Пандемия ҳукм сураётган «биринчи рақамли давлат» — АҚШ бунга яққол мисол, куни кеча рўйхатга олинган беморларнинг сони 1 миллиондан ошиб кетди.
Вакцина, ниқоблар ҳам янги штаммнинг йўлини тўсолмаяпти. Сўнгги 24 соат ичида қатор давлат раҳбарлари, ҳатто монархлар ҳам коронавирусга чалингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Швеция
Швеция қироли Карл XVI Густав ҳамда қиролича Силвиянинг коронавирус-тести мусбат чиқди. Бу ҳақда Қироли саройига асосланиб «Швед радиоси» хабар тарқатди.
«Қироллик саройи маълумотига кўра, Швеция қироли ва қироличаси COVID-19 бўйича топширган тестнинг жавоби мусбат чиқди. Уларда симптомлар енгил кўриниш берган, ўзларини яхши ҳис этишяпти», — дейилади радио хабарида.
Таъкидланишича, қирол ва қиролича COVID-19га қарши тўлиқ эмланишдан ташқари, қайта вакцинацияланишган бўлган.
Умуман олганда, Швецияда ҳозир аҳвол яхшимас, бир кеча-кундузда 11,5 минг кишининг ковид-тести мусбат чиққан.
Мавритания
Мавритания президенти 65 ёшли Муҳаммад улд Ғазвоний коронавирус инфекциясини юқтиргани ҳақида бугун, 4 январь санасида «Sahara Media» хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, Ғазвоний шамоллаш аломатлари туфайли топширган тест жавоби коронавирус бўлиб чиқди. Хабарда президент ковидга қарши эмлангани айтилади. Унда касаллик енгил кечмоқда.
Мозамбик
Мозамбик президенти Филипе Нюси ўзи ва рафиқасида COVID-19 аниқлангани ҳақида «Facebook» да ёзди.
«Сўнгги кунларда қатор тадбирларда қатнашганимиздан кейин топширган ковид-тестимизнинг жавоби мусбат чиқди», — дейилади хабарда.
Президентнинг ёзишича, касаллик симптомларсиз кечяпти, шунга қарамай, эр-хотин дарҳол ўзларини яккалаш тартибига ўтишган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter