Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таиланд суди 65 ёшли аёлни рекорд даражадаги муддатга озодликдан маҳрум қилди

Таиланд суди 65 ёшли аёлни рекорд даражадаги муддатга озодликдан маҳрум қилди

Фото:«Reuters»

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳри суди 65 ёшли Анчан Прилертни 43,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Бу мамлакатдаги рекорд даражадаги қамоқ муддати саналади. Аёл монархия тартиботини обрўсизлантиришда айбланган.

Муддат енгиллаштирилмаса, ушбу жазо кекса аёл учун умрбод қамоқ бўлиши аниқ. 40 йил давомида давлат тизимида фаолият юритган судланувчи пенсиядан ҳам маҳрум этилган.

Таиланд қонунчилигига кўра, қирол, унинг оиласи ҳамда монархия бошқаруви ҳақида ножўя фикр, ҳақорат учун 3 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Қонунчиликдаги нозик нуқта шундаки, бу борада даъво аризасини қирол маъмурияти бериши шарт эмас, исталган фуқаро маҳкамага шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. 

Хабарларга кўра, Анчан Прилерт Facebook ҳамда YouTube тармоқларида қирол оиласи шаънига ўнлаб танқидий фикрлар билдирган. Пенсионер аёл ҳукмдор оилани айнан нима деб ҳақорат қилгани очиқланмаган. Аммо А.Прилертнинг ўзи бирор изоҳ ёзмагани, шунчаки бошқа бировларнинг постини улашганини маълум қилган.

«А.Прилерт иши» оз эмас, нақд 6 йил давомида тергов қилинди. Ушбу муддатнинг асосий қисмини айбланувчи қамоқда ўтказди.

«Мазкур ҳукм монархия нафақат танқидга тоқат қилмаслиги, балки бунинг учун фавқулодда шафқатсиз жазо тайинлашини кўрсатмоқда. Таиланд ҳукумати монархияни ҳақоратлаш ҳақидаги қонундан қиролдан конституция маромларига риоя қилишни талаб этаётган демократ ёшлар ҳаракатини бостириш мақсадида фойдаланмоқда. Бу кетишда мамлакатдаги сиёсий вазият баттар ёмонлашади», – дейди Amnesty International ташкилоти вакили Сунай Пхасук.

2017 йилда эса 34 ёшли сотувчи интернетда монарх оиласини ҳақорат қилишда айбланиб 35 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Таиланд – Жануби-шарқий Осиё минтақасида жойлашган конституцион монархия тузумидаги давлат. Аммо сайланувчи давлат мансабларига қараганда қиролнинг ваколатлари кўпроқ. Мамлакатни 70 йил давомида (1946-2016) идора этган Пхумипон Адульядет Рама IX 2016 йилда вафот этгач, тахтга унинг ўғли Маха Вачиралонгкорн Рама X чиқди. Янги ҳукмдор ҳашамат ва дабдабага ўчлиги боис аллақачон жамоатчилик меҳр-муҳаббатидан маҳрум бўлди. Хусусан, 68 ёшли қирол ковид пандемиясини Бавариядаги муҳташам меҳмонхонада 120 кишилик хизматчилар билан ўтказгани «вабо пайтдаги зиёфат» ўлароқ баҳоланди. Зотан, 66 миллион нуфусли мамлакатда камбағал қатлам кўпчиликни ташкил этади. 2020 йил июль ойидан бери қиролликда ёшлар ва талабалар «Йўқолсин феодализм!» шиори остида оммавий норозилик намойишлари ўтказиб келмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг