Тўқаев дунёда шаклланаётган янги тизим нимага асосланиши кераклиги ҳақида гапирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев дунёда рўй бераётган беқарорликлар диний етакчилар зиммасига катта масъулият юклаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у бугун, 14 сентябрь куни Нурсултон шаҳрида бошланган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойида гапирди.
«Бугун инсоният рўбарў келган муаммолар глобал жараёнларда диний етакчиларнинг ролини қайта кўриб чиқиш ва идрок этишни талаб қилмоқда», – деди Қ.Тўқаев.
Инсон ҳаётини қадрлаш, ўзаро ҳурмат ва зўравонликка йўл қўймаслик илоҳий таълимотларнинг ўзак қоидалари саналади.
«Ишончим комилки, ушбу тамойиллар дунёда шаклланаётган янги тизимнинг тамал тоши бўлмоғи лозим. Биз назарий таълимотлар, маданият, иқтисодиёт ва жамиятга амалий ёндашувларни янги назар билан кўриб чиқишимиз, уларга муштарак нафас бағишлашимиз керак. Тамаддунларни тушуниш, янги маънавий руҳни шакллантириш ҳаётнинг барча йўналишларида ислоҳотни талаб этади», – деди Қозоғистон етакчиси.
Пойтахт Нурсултонда ўтаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойида Мисрдаги нуфузли «Ал-Азҳар» диний мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб, Рим папаси Франциск ва бошқа дунё динлари етакчилари қатнашмоқда.
«Постпандемия даврида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг инсоният руҳий ва ижтимоий тараққиётидаги ўрни» деб номланган машваратда ислом, насронийлик, яҳудийлик, синтоизм, буддавийлик, зардуштийлик, ҳиндуизм вакиллари иштирок этмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, тадбир давомида ўзаро ҳурмат асосида яшаш, адолат ва тинчликни таъминлашда таълим ва диний маърифатнинг роли, диний экстремизм ва радикализмга қарши курашда диний етакчиларнинг ҳиссаси каби мавзулар муҳокама қилинади.
Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи Қозоғистон раҳбарияти ташаббуси илк бор 2003 йилда ўтказилган. Ўшанда буён анжуман билан динлараро ва конфессиялараро мулоқот анъаналарини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилиб келади. Бунга қадар Қозоғистон 2006, 2009, 2012, 2015, 2018 йилларда қурултойга мезбонлик қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter