Тўқаев жиддий хатардан огоҳлантирди

Қозоғистон ядро ва биологик қуролларнинг тарқалмаслиги йўлидаги сиёсатни қатъий равишда давом эттиради. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 29 май куни Остона халқаро форумидаги нутқида таъкидлади.
“Бугунги кунда тўққиз давлат 13 мингдан зиёд ядро каллакларидан иборат ялпи арсеналга эгалик қилмоқда. Экспертлар (ядро қуролини) қўллаш хатари ошиб бораётгани ва бу ҳодиса ҳисоб-китобда янглишув, тасодиф ёки таранглик сабаб рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Биргина портлаш фожиавий оқибатларни юзага келтириши мумкин. Олимларнинг фикрича, (ядро қуролининг қўлланиши) бевосита вайронагарчиликлардан ташқари, глобал иқлим ҳалокати ва ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади. Биз бу қандай фожиа эканини биламиз. Қозоғистон ўз ҳудудида ўтказилган 450 та ядро синовининг тарихий оқибатларига ҳали-ҳамон рўбарў келмоқда. Биз тинчлик дея, (собиқ Иттифоқдан) мерос бўлиб қолган ядро арсеналидан воз кечдик”, – деди Қ.Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари дунё бўйлаб урушлар авж олганини хавотирли тенденция деб баҳолаган.
“Ўтган йилги маълумотларга қараганда, 52 давлат қуролли тўқнашув ҳолатида. Зўравонликлар оқибатидаги иқтисодий йўқотишлар 19 триллион долларга етган, бу жаҳон ЯИМнинг 13,5 фоизи демакдир. Бу рақамлар ортида хавотирли воқелик яширин: замонавий ихтилофлар тобора узлуксиз ва мураккаб тус олмоқда”, – деди сиёсатчи.
Қайд этилишича, ҳозирги вазиятда тарихий иддао ва сиёсий ғанимлик ортидан бошланган урушларни оқлаб бўлмайди.
“Урушларга киришиш ўрнига биз халқларимиз, биринчи галда, ёш авлодни тараққиётга эришиш ва маърифатли жамиятни шакллантириш ишига жалб этишимиз керак”, – деб хулоса қилди Қ.Тўқаев.
Маълумот ўрнида: 29-30 май кунлари давом этадиган Остона халқаро форумида (Astana International Forum) дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар етакчилари, илмий ва тижорий доира вакиллари жаҳон тақдирига дахлдор муҳим масалаларни муҳокама қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter