Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев Қозоғистонни Олтин Ўрда давлатининг давомчиси деб атади

Тўқаев Қозоғистонни Олтин Ўрда давлатининг давомчиси деб атади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз мамлакатини қадимий Олтин Ўрда давлатининг вориси деб атади. Бу ҳақда у миллий қурултойдаги нутқи чоғида айтиб ўтди, унинг сўзларидан Nur.kz иқтибос келтирмоқда.

«Қозоғистон Буюк Дашт кўчманчи цивилизациясининг бевосита давомчисидир. Олтин Ўрда, дунёга машҳур Жўжи улуси ҳамиша Марказий Евроосиёнинг бепоён кенгликларида давлат қурилишининг эътироф этилган чўққиси бўлиб келган», — деди Тўқаев.

У ўрта асрлардаги бу қудратли давлатнинг геосиёсий мероси бир қатор Евроосиё давлатларининг, жумладан, Қозоқ хонлигининг вужудга келишига асос бўлиб хизмат қилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, унинг фикрича, Жўжи улуси ҳам Рим империяси сингари Буюк Дашт давлатлари ва халқлари учун узоқ асрлар давомида ривожланиш мезонларини белгилаб берган.

Олтин Ўрда ўрта асрлар Евроосиё ҳудудидаги энг йирик давлат эди. Ушбу мамлакатда Чингизхоннинг невараси Боту асос солган, у XIII аср ўртасидан XV ўртасига қадар ҳукм сурди. Олтин Ўрда Ўзбекхон ҳукмронлиги даврида – 1313 – 1341 йилларда энг қудратли давлат бўлган пайтда шарқда Иртиш дарёсидан тортиб, ғарбда Дунай ва Венгрия чегараларидан, Полшагача бўлган; жанубда қуйи Амударё билан Кавказдан тортиб, шимолда одам яшаса бўладиган жойлару Сибир тайгасига қадар ҳудудларни эгаллаган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг