Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ва Куала-Лумпур: масофа янада яқинлашмоқда

Тошкент ва Куала-Лумпур: масофа янада яқинлашмоқда

Малайзия элчиси Илҳом Туаҳ Илёс экипаж аъзолари билан.

15 декабрь куни «Batik Air» авиакомпаниясига қарашли ҳаво кемаси Куала-Лумпур – Тошкент –  Куала-Лумпур йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди. Тошкент халқаро аэропортига қўнган учоқни «Uzbekistan Airports» ва туризм идораси масъуллари, Малайзиянинг юртимиздаги элчиси Илҳом Туаҳ Илёс, журналистлар ва авиаспоттерлар қарши олди.

«Uzbekistan Airports» маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳамда Малайзия пойтахтларини боғловчи мунтазам парвозлар ҳафтасига бир марта жума кунлари Boeing 737 ва Airbus A330 самолётларида амалга оширилади. Келажакда авиаташувлар сонини ошириш ҳамда минтақадаги йўналишлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилган.

«Batik Air» компаниясини Тошкентга илк парвоз билан қутлаймиз. Янги қатновларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга, шунингдек, туризм ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади», – дейилади Малайзия элчихонаси хабарида.

Маълумот ўрнида, «Batik Air» Индонезиянинг «Lion Air» лоукостер авиакомпаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризм алоқаларини ривожлантириш кун тартибидаги муҳим масалага айланди. Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил Қурбон ҳайити кунлари Малайзиядан Ўзбекистонга зиёратчи сайёҳлар учун илк чартер рейс ташкил этилганди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ушбу рейс билан келган малайзиялик зиёратчилар гуруҳи билан Самарқандда учрашганди

Малайзия ўзбекистонликларга биринчилардан бўлиб виза тартибини бекор қилган. Куала-Лумпур туризмни Тошкент билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири деб билади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг