Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп имзолаган илк фармондан Исроил хурсанд, Фаластин хафа бўлди

Трамп имзолаган илк фармондан Исроил хурсанд, Фаластин хафа бўлди

Трамп Байден фармонларини бекор қилмоқда. 20 январь, Оқ уй.

Фото: AP

20 январдан АҚШ президенти сифатида лавозимга киришган Дональд Трамп ўша куннинг ўзида собиқ президент Жо Байден томонидан имзоланган бир қатор фармонларни бекор қилди. Бекор қилинган ҳужжатлар орасида Байден 2024 йилнинг  февраль ойида имзолаган Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан санкция жорий этиш тўғрисидаги фармон ҳам бор.

Аввал хабар берганимиздек, бир йил аввал Байден 14115-рақамли фармон билан Ғарбий Соҳилда фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган, шунингдек, тинч аҳоли вакилларини калтаклаб, мол-мулкига зиён етказган бир гуруҳ яҳудий экстремистларига нисбатан тақиқ чораларини киритганди.

Унга мувофиқ, Ғарбий Соҳилда зўравонлик содир этган яҳудий экстремистларига АҚШ виза бермайди, уларнинг маблағлари музлатилади. Қўшма Штатлар фуқароларига “қора рўйхат”даги шахслар билан тижорий алоқалар олиб бориш ман этилади.

Исроилга нисбатан ўта дўстона муносабатда бўлган Трамп президентлигининг илк кунида зўравонларга қарши ҳужжатни бекор қилиш билан яҳудий давлатига нисбатан янада хайрихоҳ сиёсат юритишига ишора қилган. 

The Times of Israel нашри хабарига кўра, Трампнинг санкцияларни бекор қилишга доир фармонини Исроилдаги ўта ўнг қанотга мансуб сиёсатчилар олқишлашган ва АҚШнинг янги раҳбарига миннатдорлик билдиришган.

Фаластинликларга нисбатан шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабати билан танилган собиқ миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғарбий Соҳилдаги яҳудий зўравонларига жазонинг бекор қилинишини “адолатсизликка барҳам бериш” деб баҳолаган. 

Фаластин маъмурияти эса Трампнинг бу қадамини қоралаган. “Бу қарор келгиндиларни янада кўпроқ жиноятга ундайди”, деган Фаластин маъмурияти матбуот котиби Набил Абу Рудайна.

Ўтган йили АҚШ билан параллел равишда Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий Соҳил ҳамда Шарқий Қуддусда инсон ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўлган икки ташкилот, жумладан, “Леҳава” гуруҳи ҳамда тўрт нафар яҳудийга санкция жорий қилганди.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан кейин Фаластинга тегишли бошқа ҳудуд – Ғарбий Соҳилда ҳам зўравонлик ва ноқонуний ҳибслар кучайган.

2023 йил декабрь ойида Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий Соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор этган ва Тель-Авивдан зўравонликларга чек  қўйишни талаб қилган эди.

Масалан, 2024 йил март ойида юзлаб яҳудий келгиндилари томонидан Ал-Муғайир қишлоғига уюштирилган ҳужум оқибатида бир фаластинлик ҳалок бўлган, йигирмадан зиёди жароҳатланган эди. Экстремистлар фаластинликларга тегишли уй ва автомобилларга ўт қўйган.

Ғарбий Соҳилдаги яҳудий келгиндилари ёқиб юборган дўкон. Фото: AFP

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган. 

20-21 январь кунлари Ғарбий Соҳилда ноқонуний равишда яшаб келаётган яҳудийлар Исроил аскарлари ҳимоясида фаластинликларга тегишли транспорт воситалари ва мулкка ўт қўйган.   

Таҳлилчилар Трампнинг санкцияларни бекор қилишга доир фармони Ғарбий Соҳилда яҳудий экстремистларининг зўравонлигини янада кучайтиришидан хавотир билдирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг