Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп Путиндан «қаттиқ хафа бўлди»

Трамп Путиндан «қаттиқ хафа бўлди»

Фото: AFP

АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп Россия раҳбари Владимир Путиннинг демократлар номзоди Камала Ҳаррис ҳақидаги гапидан «жуда хафа бўлгани»ни айтди.

«Мен Путинни жуда яхши билар эдим. У эса яқинда Камалани қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан жуда қаттиқ хафа бўлдим. Қизиқ, у нега Камалани дастаклади экан? Йўқ, у шахматчи. Хўш, шу сабаб кўнглимни чўктиришим керакми? Ўйлайманки, бу кулги йўсинида айтилган гап» – деган Трамп Висконсин штатидаги сайловолди учрашувда.

Гап шундаки, Владимир Путин 5 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумдаги чиқишида Россия ҳукумати сайловда республикачилар номзоди Трампдан кўра демократлар вакили Камала Ҳарриснинг ғалабасини афзал билишига шама қилган эди.

«Таъбир жоиз бўлса, бизнинг фаворит амалдаги президент жаноб Байден эди. У пойгадан чиқди ва ўз тарафдорларига Ҳаррис хонимни қўллаб-қувватлашни тавсия этди. Биз ҳам шундай йўл тутамиз. Уни қўллаб-қувватлаймиз», – деган эди Путин мийиғида кулганча.

Таҳлилчилар Путин киноя билан гапиргани, аслида, у Трамп тарафдори эканини айтмоқда.

Гарчи икки мамлакат ҳозирда турли қутбларни эгаллаб турган бўлса-да, Трамп ва Путин муносабати илиқ экани тахмин қилинади.

Трамп жорий йил июнь ойида берган интервьюсида президентлик даврида Россия раҳбари билан муносабатлари «жуда яхши» бўлганини таъкидлаган эди. «Менга заифларга қараганда кучлилар билан тил топишиш осонроқ» дея, у Путинни «кучли» деб сифатлаганди.

Путин ҳам жорий йил февраль ойида америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Трамп билан муносабатларини«дўстона ва яхши»деб баҳолаган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ молия ва адлия вазирликлари ўтган ҳафта Россиянинг бир қатор давлат ОАВ ва уларнинг юқори мартабали вакилларига нисбатан санкция жорий қилди. Вашингтон Москвани ўз медиа лойиҳалари орқали АҚШдаги жорий президентлик сайловига таъсир кўрсатишга уринишда айблаган.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, Кремль жорий йил 5 ноябрдаги президент сайловида Украинага молиявий кўмакни тўхтатиш тарафдори бўлган Трамп ғалаба қозонишини истайди. Дезинформация кампанияси ҳам шу мақсадга йўналтирилган.

Дарвоқе, республикачилар номзоди Трамп Висконсиндаги учрашувда АҚШ адлия идорасининг Россия Қўшма Штатлар президентлик сайловига аралашаётгани ҳақидаги айбловини шубҳа остига олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг