Украина ҳукумати АҚШ танқидига учради
АҚШ Давлат департаменти Украина ҳукуматини телемарафон ташкиллашда сўз эркинлиги тамойилларини бузганликда, мамлакат телеканаллари уруш бошланганидан бери мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни биргаликда ёритиб келаётганликда танқид қилди.
Телемарафон билан боғлиқ вазият АҚШ Давлат департаментининг 2023 йилда Украинада инсон ҳуқуқларига бағишланган ҳисоботида баён этилган.
Ҳужжатда айтилишича, Украина қонунлари «сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини кафолатлайди», аммо «ҳокимият бу ҳуқуқларни ҳар доим ҳам ҳурмат қилмайди».
Мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгандан сўнг, расмийлар оммавий ахборот воситалари ишига қўшимча чекловлар киритди, дея қайд этади АҚШ Давлат департаменти.
«Масалан, умуммиллий телемарафон - телевидение станциялари урушни ҳукумат нуқтаи назаридан навбатма-навбат ёритиб турадиган платформа - телевидениенинг прайм-тайм янгиликлари устидан мисли кўрилмаган даражада назоратни таъминлади», дейилади ҳисоботда.
Унинг муаллифлари таъкидлашича, 2022 йилнинг баҳорида баъзи оммавий ахборот воситалари телекўрсатувлар бўйича шартномалардан маҳрум бўлиб, Украина Президенти девонининг босимига дучор бўлишган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Украина ҳукумати «миллий хавфсизлик ва суверенитетга таҳдид соладиган деб топилган оммавий ахборот воситалари ва журналистларни тақиқлаб қўйган, санкциялар қўйган ва блоклаган».
Бундан ташқари, «ҳукуматни танқид қилувчи тадқиқотчи журналистлар гоҳида ижтимоий тармоқлардаги салбий кампаниялар, гоҳида эса ҳукуматга қулай каналлар нишонига айланган».
Шу билан бирга, Давлат департаментининг таъкидлашича, «баъзи истиснолардан ташқари, Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудлар аҳолиси расмийлар томонидан таъқиб қилинишидан қўрқмасдан очиқ ва шахсий равишда ҳукуматни танқид қилиши, шунингдек, жамоат масалаларини муҳокама қилиши мумкин».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter