Украина Путинни ҳибсга олмаган Мўғулистонга демарш эълон қилди
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия президенти Владимир Путинни Улан-Баторга ташрифи чоғида ҳибсга олмаслик ҳақидаги қарори туфайли Мўғулистонга қарши демарш эълон қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Украина ТИВнинг Телеграм-каналида маълумот берилган.
«Мўғулистон томони Рим статутини имзолаган давлат сифатида Путинни Халқаро Жиноят Суди томонидан ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруғини бажаришдан бош тортганидан Украинанинг ҳафсаласи пир бўлди», — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Киев келажакда Мўғулистон билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда, шунингдек, халқаро платформаларда ўз позициясини ишлаб чиқишда ушбу қарорни ҳисобга олади. Шу билан бирга, ТИВ Улан-Батор Киев билан дўстона муносабатларни тиклаш чораларини кўришига умид қилмоқда.
Владимир Путин сентябр ойи бошида Мўғулистонга ташриф буюрган эди. Бу Россия президентининг ҳибсга олиш учун ордер чиқарилганидан кейин ХЖС юрисдикциясини тан олган мамлакатга биринчи ташрифи эди.
Европа Иттифоқи ва Украина Мўғулистон расмийларини Путинни ҳибсга олишга чақирди, бироқ бу амалга ошмади. Улан-Баторда Россия Федерацияси раҳбари фахрий қоровул билан кутиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter