Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина ва Жанубий Корея ўртасида гап қочди

Украина ва Жанубий Корея ўртасида гап қочди

Фото: Yeni Şafak

Украина Жанубий Корея билан юзага келган дипломатик зиддиятни яқин фурсатда юмшатишга умид қилмоқда.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига келишмовчилик тезроқ ҳал этилиши учун жанубий кореялик ҳамкасби билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Негаки, Сеул Киев учун муҳим ҳамкор саналади.

Ўзаро ихтилоф жорий йил 23 сентябр куни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг БМТ Бош ассамблеясидаги нутқидан кейин пайдо бўлди. Зеленский ўз чиқишида Украина ҳарбийлари томонидан асирга олинган шимолий кореялик икки нафар аскар Жанубий Кореяга топширилганини айтди.

Бу ҳол Сеул ҳукуматини дарғазаб қилди. Жанубий Корея расмийлари даъвосига кўра, Украина томони хавфсизлик важидан шимоллик асирлар ва уларнинг оиласига оид маълумотларни сир сақлаш мажбуриятини олган эди.

Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён махфий маълумотнинг ошкор этилиши Корея яриморолидаги вазият ва миллий хавфсизликка таҳдид туғдиришини айтган.  

Сеул асирларга оид ахборот ошкор этилиши учун Киевдан расмий изоҳ ва узр талаб қилмоқда.

Украина президенти девони асирларга оид маълумотларни сир сақлаш мажбурияти олинганини рад этган.

Шарқий Осиё бўйича эксперт Наталья Бутирская фикрича, Киев ва Сеул яқин ҳамкор саналса-да, ўзаро ишончга асосланган мулоқот шаклланмаган.

«Сиртдан қараганда биз табиий ҳамкорлармиз ва елкама-елка бўлишимиз керак. Негаки, Шимолий Корея Украинага қарши урушмоқда. Аммо икки ўртада ишонч йўқ», — дейди  Н.Бутирская.

Экспертлар Жанубий Кореядаги ички сиёсий кураш фонида Киев билан муносабатлар янада таранглашишини башорат қилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Жанубий Корея Украинада Россия томонида жанг қилган ва асирга олинган барча Шимолий Корея ҳарбийларини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган эди.

Жанубий Корея конституциясига кўра, бутун Корея яримороли мамлакат ҳудуди ҳисобланади ва шу сабабли яриморолда яшовчи барча аҳоли Жанубий Корея фуқаролари дея тан олинади.

Айни пайтда Жанубий Корея ҳукумати Шимол маъмурияти билан алоқаларни яхшилашга уринмоқда.

Жорий йил апрелда Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён Шимолий Корея ҳудудига хусусий дронлар учгани учун узр сўради.

Кейинроқ Жанубий Корея президенти Шимолий Корея билан тинчлик музокараларини таклиф қилди.

Сеулнинг уринишларига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин илгари Жанубий Корея билан бирлашиш сиёсатидан воз кечган ва уни энг душман давлат деб атаган эди.

Жанубий ва Шимолий Корея расман уруш ҳолатида қолмоқда. 1950-1953 йиллардаги уруш сулҳ билан якунланган, аммо икки томон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг