Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урсула фон дер Ляйен: «Кремль заифликни кечирмайди» (интервью)

Урсула фон дер Ляйен: «Кремль заифликни кечирмайди» (интервью)

Фото: «Gazeta.ru»

Европа комиссиясининг янги сайланган раиси, германиялик Урсула фон дер Ляйен (1958 йили Бельгия (Брюссель)да туғилган) журналистларнинг («La Vanguardia», «Le Monde», «Süddeutsche Zeitung», «The Guardian» ва «La Stampa») Брексит, мигрантлар, ЕИ ва Россия муносабатлари, демография ва бошқа масалалардаги саволларига жавоб берди.

— Сиз янги миграция сиёсати ҳақида сўзладингиз. Нима қилиш керак?

— Пухта ўйланган ва узоқ муддатли дастур билангина олдинга силжиш (мигрантлар муаммосини ҳал қилишда) мумкин. Африкадан бошлаш зарур. У ерга сармоя олиб киришга кучимизни аямаслигимиз керак. Кейинги босқич — уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши курашиш. Денгизларда чўкаётганларни қутқариш керак, албатта, бироқ бу улар учун Европа эшиклари ўз-ўзидан очилиб қолишини англатмайди. Ҳам Шенген зонаси ишлаши, ҳам ташқи чегаралар очиқ қолиши учун бизга янада ишончли ташқи чегаралар ҳамда Дублин тизими бўйича ўзаро келишувлар керак.

— Биттаям қочоқни қабул қилишга тайёрмас мамлакатларга нима бўлади?

— Назаримда сабабларни диққат билан ўрганиш керак. Масалан, бир ярим миллион нафар украиналикни қабул қилган Польшанинг далилларини олайлик. Украина — бир неча йиллардан бери гибрид уруш билан яшаётган ва ҳамон одамлар шунинг оқибатида ўлим топаётган мамлакат. Биз буни инкор эта олмаймиз. ЕИнинг ҳар бир аъзоси бошқаларнинг бирдамлигига муҳтожлиги принципи сақланади. Ҳар бир мамлакат учун турли йўналишларда мажбуриятлар адолатли тақсимланишига эришишимиз зарур.

 — Етти фарзанднинг онаси сифатида Европанинг демография борасидаги ожизлигига қандай қарайсиз?

— Ҳам бола кўриб, ҳам ўзи яшаши учун пул топишга мажбур ёш оилаларни қўллашимиз керак. Жамият оила ва иш ўртасидаги уйғунликни рағбатлантириши шарт. Кексайиб бораётган инсонларни яхшироқ бошқаришни ўрганишимиз лозим. Яна бир масала — малакали ишчи кучи миграцияси. Биз шуни истаймиз.

— Брексит оғир кечмаслиги учун нималарга тайёрсиз?

— Биз оғриқли Брекситни истамаймиз. Бу ҳар икки томон учун ҳам ёмон. Чиқиш ҳақида яхши келишувларимиз бор. (Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, эски келишув ҳали «кўмилган» эмас (Британия бош вазирлигига икки номзоднинг ваъдаларига қарамасдан) ва унда Қўшма Қироллик ҳукуматининг «қизил чизиқлари» аксини топган. Фон дер Ляйен Брексит имкон қадар ботартиб ўтиши учун қўлидан келгунича ҳаракат қилишга шайлигини билдирди, акс ҳолда, унинг айтишича, бунинг асорати ҳаммага, айниқса, Ирландияга, қаттиқ уради.

Агарда кўчириш (Брекситни) учун асослар етарли бўлса, мен уларни тинглашга тайёрман.

— Россиянинг Европа ишларига аралашувига нима дейсиз?

— Россия — бизнинг қўшнимиз ва шундай бўлиб қолади. Аммо Кремль зиғирча бўлса ҳам заифликларни кечирмайди — охирги йиллардаги тажрибаларимиз шуни кўрсатди. Европа доим диалогга тайёрлигини кўрсатиши, аммо аммо ён бермаслиги керак. Ижтимоий тармоқлар орқали таъсир ўтказишга уриниш ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларга қарши курашишнинг энг яхши чораси ҳақиқатни очиш ва буни жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилишдир. Эркин матбуотга эга эркин мамлакатларнинг кучи мана шунда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг