Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмаотадаги туғуруқхонада ёнғин келиб чиқди. Уни шифокорлар ўчиришди

Олмаотадаги туғуруқхонада ёнғин келиб чиқди. Уни шифокорлар ўчиришди

Фото: «Sputnik»

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги 1-сонли туғуруқхона шифокорлари реанимация бўлимида электр симларида келиб чиққан ёнғинни мустақил бартараф этишга муваффақ бўлишди. Шикастланганлар йўқ, дея хабар берди фавқулодда вазиятлар бўйича шаҳар бўлими матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, шанба куни кечаси туғуруқхонанинг реанимация бўлимидаги ёнғин сигнализацияси ишлаб кетган.

«Ўша оқшом навбатчилик қилаётган ходимлар фурсатни бой бермасдан фавқулодда вазиятлар алгоритмига мувофиқ аниқ ва бехавотир ҳаракат қилишган. Ўша пайтда реанимация бўлимида бўлган саккиз нафар янги туғилган чақалоқ шифокор-акушер-гинеколог Паризод Содиқова, болалар ҳамшираси Арай Жиделиева ва бошқа тиббиёт ходимлари томонидан зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилган. Шифокорлардан бири — Виталий Грушевский кукунли ўт ўчиргичдан усталик билан фойдаланиб, электр симлардаги ёнғинни бартараф этган», — деб ёзади матбуот хизмати вакили.

Унинг сўзларига кўра, шифокорларнинг оқилона хатти-ҳаракати билан ўт ўчирувчилар етиб келгунга қадар ёнғин бартараф этилди. Воқеа натижасида ҳеч ким шикастланмади.

Олмаота фавқулодда вазиятлар бошқармаси шифохона раҳбарияти ва тиббиёт ходимларини ҳушёрлиги ва юқори профессионализми учун миннатдорчилик билдирди. Ёнғинни бартараф этишда иштирок этганларнинг ҳаммаси мукофотга лойиқ деб топилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг