«Хайр, бепул таълим!» – Россияда мигрантларнинг фарзандлари таълими учун тўлов жорий этилмоқда
Россия Давлат думаси меҳнат мигрантларининг фарзандлари ўқиши учун тўлов жорий этишга доир қонун лойиҳасини қабул қилиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Ҳужжат лойиҳаси муаллифи Думанинг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов фикрича, россиялик болалар хорижлик ишчиларнинг фарзандлари кўплигидан азият чекмаслиги керак.
«Хорижликларнинг фарзандлари Россия бюджети, солиқ тўловчиларимиз ҳисобидан ўқишига доир хайрия эпопеясига хотима ясашни таклиф этмоқдамиз. Улар текин ўқиганлари етмагандек, ўз тартиб-қоидаларини ўрнатишади, бегона субмаданиятларини тиқиштиришади. Марҳамат, чет эллик ота-оналар истаса, фарзандларини таълим муассасаларимизга тижорий асосда жойлаштириши мумкин. Бемалол тижорий синфлар ташкил этишсин», – деган Я.Нилов.
Ҳозирда Россиядаги чет эл фуқаролари – мигрантлар боғча ва ўрта таълим мактабларида фарзандларини бепул ўқитиб келмоқда. Янги лойиҳада эса «Россия Федерациясининг таълим тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш киритиш ва улар учун таҳсилни пуллик қилиш таклиф этилмоқда.
Қонун ташаббускорлари фикрича, сўнгги йилларда Россиядаги боғча ва мактабларда МДҲ ва Ўрта Осиё мамлакатларидан келган муҳожирларнинг болалари сони кескин ошган.
«Россия болалар боғчалари ва мактабларида мигрантларнинг фарзандлари сони назоратсиз равишда ўсиб бораётгани жой етишмовчилигига олиб келмоқда. Айни вақтда Россия мактабларида қарийб 900 мингта жой етишмаяпти», – дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган асосномада.
Таҳлилчилар сўнгги вақтларда Россияда меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларига нисбатан тоқатсиз муносабат шаклланаётганига эътибор қаратмоқда.
Яқинда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ОАВ вакиллари билан учрашувда мигрантларнинг ўз оилаларини Россияга олиб келишини танқид қилган эди.
«Агар одам бизнинг мамлакатга мавсумий ишга келаётган бўлса, оиласини судраб келишига бало борми?!» – деган собиқ президент Д.Медведев.
Шунингдек, у мигрантларнинг болалари рус тилини билмаслигини ҳам номақбул ҳол деб баҳолаган.
Ўтган ҳафта Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ҳам мигрантларнинг оила аъзоларини Россияга олиб келиши «муаммоларни юзага келтираётгани»дан баҳс этганди.
«Давлат думасининг кўпчилик депутатлари позициясини билдириб ўтмоқчиман. (Россияга) ишлаш учун келадиган малакаси паст меҳнат муҳожирлари ҳақида гап кетганда, улар фақат меҳнат билангина машғул бўлишини инобатга олиб қарор қабул қилишимиз керак. (Мигрантларнинг) қариндошлари, оиласига келсак, улар ўз ватанида кутиши керак. Уларни бу ерга олиб келиш маъқул иш эмас», – деган Дума раиси.
Россиялик юқори мартабали расмийларнинг мигрантларга нисбатан танқидий мулоҳаза билдириши янгилик эмас.
Жорий йил июнь ойида РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин миграция сиёсатини янада қаттиқлаштириш кераклигини таъкидлаган, мамлакатдаги 13-14 миллион мигрантнинг манфаат келтиришини шубҳа остига олган эди. Бастрикин Россиядаги тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларни чет элликлар ўрнига маҳаллий аҳолини кўпроқ ишга жалб этишга чақирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter