Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония қандай юксалди?

Япония қандай юксалди?

Японларни Аллоҳ яратган, аммо Японияни японлар, деган нақл бор кунчиқар юртда. Бу гапда қанчалик асос бор?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония ўта танг аҳволда эди. Деярли барча шаҳарлари вайронага айланган, етти миллион аҳоли ишсиз, Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаси ҳаробалари ҳам ҳолатнинг қай даражада эканлигини кўрсатарди.

Бироқ япон халқи бутун дунёга ўзларидаги ирода ва матонат қандай эканини кўрсатиб қўйди. Қисқа фурсат ичида оёққа тура олиб, вайрона шаҳарлари обод қилди.

Японлар ўн тўққизинчи асрда темир йўлларга эга, оғир саноат ривожланган, кемасозлик тажрибалари бор эди. 1870 йилларда механик ип йигирув ускуналари мавжуд бўлиб, 1913 йилдаёқ тараққиёт чўққисига чиққанди.

Мутахассислар япон тараққиёти асосини уч омилга боғлашади: биринчиси, европалик олимлар салоҳиятидан унумли фойдаланишди. Иккинчи омил, япон тилига таржима қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Учинчиси, япон ёшлари хорижга ўқишга юборилди.

1877 йиллардаёқ Японияда олий ўқув юртлари бор эди. 1897 йилда Киото университети очилди, 1900 йилга келибоқ қизлар учун инглиз тили факультети очилди (Раъфат Ғунаймий «Тариху асия алҳадис вал муъасир»).

Ўн тўққизинчи аср ўрталарида япон эркакларининг ярми, аёлларнинг 15 фоизи ўқиш ва ёзишни билган. Бу кўрсатгич ўша даврларда энг яхши натижа ҳисобланган. Японияда дастлаб олти йиллик мажбурий таълим, сўнгра беш йиллик ўрта таълим, сўнгра уч йиллик олий таълим йўлга қўйишди.

Мана шу маълумотлар японларнинг қандай қилиб иккинчи жаҳон урушидан кейин қисқа фурсатда ўзларини ўнглаб олганларини тушунишимизга ёрдам беради. Урушдан кейин японлар яна ўқишга куч бердилар. 1955 йилда 50 фоиз ёшлар коллежларда таълим оларди, 1970 йилларга келиб 90 фоиз ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

Япон ўқитувчилари талабаларга чин юракдан дарс берарди. Ўқитувчи шунчаки дарс ўтиб бермасди, балки талаба дарсни пухта ўзлаштиришини ўзнинг вазифаси, деб биларди.

Японлар ўн тўққизинчи асрдан бери технология ихтироларига интилиб келади. Бугунги кунда дунё бозорида япон технологиясининг мавқеи ҳеч кимга сир эмас. 1969 йилда видео кассета, 1979 йилда плейер, 1980 йилда SD, 1995 йилда DVD ихтиро қилинди.

1991 йилдан бери япон болалари 100 фоиз мактабга чиқади, 2004 йилдан бери 100 фоиз коллежларда ўқийди. Японларнинг 58 фоизи интернетдан фойдаланади, ҳар миллион нафар япондан 5287 нафари илмий иш билан шуғулланади. Япония ҳукумати ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизини илмий ишларга сарфлайди. Бу 4 триллиондан АҚШ долларидан ортиқ маблағ дегани. (www.cia.gov\library).

Япон экспортининг 24 фоизи технологик ускуналар ҳисобланади. Юқоридаги маълумотлардан японлар фақат илм-фан орқали оёққа турганин англаб олиш мумкин.

Шубҳасиз, бунда ўрнак олувчи ақл эгалари учун ибрат бор.

«Ислом ва олам» китобидан

Манба: azon.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг