Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Японияда 30 километр сузиб, қирғоққа чиқиб олган ҳўкиз машҳур бўлиб кетди

Японияда 30 километр сузиб, қирғоққа чиқиб олган ҳўкиз машҳур бўлиб кетди

Расмдаги ҳўкизча сўнгги кунларда Японияда жуда машҳур бўлиб кетди. Телевидение, газета ва интернетда янгиликка айланди. Янгиликка асос – кучли тайфун пайтида ҳўкизчанинг дарё тошқинидан тирик чиққани ва экстремал вазиятда узоққа сузиш бўйича ўрнатган «рекорди» бўлди.

Гап шундаки, 12-13 октябр кунлари Японияда мисли кўрилмаган тайфун (аёвсиз шамол ва ёмғир) рўй берди. Оқибатда, мамлакатнинг катта ҳудудлари талафот кўрди: минглаб уй ва бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, электр подстанциялари вайрон бўлди, автомобил ва темир йўлларига жиддий шикаст етди, кўприк ва дарё довонлари бузилиб, юзлаб квадрат километр ҳудудидаги ерларни сув босди. Қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт миллиардлаб доллар зарар кўрди. Қаҳрамонимиз — бузоқча боқилаётган ферма жойлашган Точиги префектураси (Токио шимолидаги вилоят) ҳам офатдан четда қолмади.

Тайфун қишлоқ хўжалиги ривожланган Точигидаги бир қатор фермаларни вайрон қилиши оқибатида юзлаб қорамол, жумладан, ушбу бузоқча ҳам сувга оқиб кетди. Оқиб кетган молларнинг аксарияти, охир-оқибат, сув сатҳи кўтарилиб, ўта шиддат билан оқаётган дарёга қўшилиб кетган. Дарё эса молларни узоқларга оқизиб кетган. Афсуски, уларнинг аксарияти нобуд бўлди. Молларнинг ўлиги топилавериб умидлар узилаётган бир пайтда, орадан икки-уч кун ўтиб, узоқдаги қишлоқ ва ҳудудлардан яхши хабарлар кела бошлади. Воқеа жойидан 15-20 километр йироқдаги масофа оралиғида бирин-кетин олти бош қорамол топилгани хабар қилинди ва эгалари қидирила бошланди.

Маълум бўлишича, ҳар олти бош қорамол ўз куч ва ҳаракати билан турли жойларда эсон-омон қирғоққа чиқиб олган. Буларнинг орасида ҳаммадан ҳам «ўзиб» кетгани ана шу ҳўкизча бўлади. У 30 километрдан зиёд масофагача бир ўзи сузиб борган, совуқ сувда-я?! Учинчи кун деганда дарёдан чиқиб келаётганида уни яхши одамлар топиб олган. Қорни очиб, иштаҳаси карнай бўлган бузоқча овқатлантирилгандан кейин, эсон-омон эгасига қайтирилди. Шу бўйи бутун мамлакатга донғи кетди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг