Японияда Хиросимадаги атом бомбаси қурбонлари хотирланди
Япония аҳолиси Хиросимага атом бомбаси ташланиши оқибатида қурбон бўлганларни хотирлади.
Асосий хотирлаш маросими Хиросима марказидаги Тинчлик хотира боғида бўлиб ўтди. Бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт билан соат 08:15 да бир дақиқалик сукут сақлаш эълон қилинди — 1945 йилнинг 6 августида худди шу вақтда АҚШ ташлаган атом бомбаси портлаган эди.
Анъанага кўра, Хиросима мэри Кадзуми Мацуи тинчлик декларацияни ўқиди, унда дунё ядровий қуролдан воз кечишга чақирилади. Сўнгра Япония бош вазири Фумио Кисида нутқ сўзлади.
Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларини АҚШ Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясида Японияни тезроқ таслим қилиш мақсадини расман эълон қилиб ташлаган. Бу инсоният тарихидаги ядровий қуролдан жанговар мақсадда фойдаланилган биринчи ва охирги ҳолатлар.
Турли ҳисоб-китобларга қараганда, Хиросимага атом бомбаси ташланиши оқибатида бир кунда 70 мингдан 100 минг кишигача ҳалок бўлган. 1945 йил охирига бориб, нурланиш ва турли жароҳатлар оқибатида шифохоналарда вафот этганлар ҳисобига қурбонлар сони 140 минг нафаргача ошган. Японияда атом бомбасидан қурбонлар жами сони ҳозирда 350 мингдан ошган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter