13 ёшли «ҳайдовчи»нинг онасига чора кўрилди
Бухорода 13 ёшли «ҳайдовчи» боланинг ўз яшаш ҳудуди кўчаларида автомобиль ҳайдаб юргани ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳолат зудлик билан соҳа ходимлари томонидан ўрганилган.
Билдирилишича, 13 ёшли «ҳайдовчи»нинг машинаси унинг онаси С.Ж.га тегишли бўлган. Бола онаси йўқлиги ҳамда автомашина калитининг салонда қолдирилганидан фойдаланиб, уни ҳовли ичидан сўроқсиз ҳайдаб чиққан. Бухоро шаҳридаги ўзи яшовчи маҳалла кўчаларидан бирида машина суриб юрган ёш боланинг бошқаруви атрофдагиларни сергаклантирган. Ва зудлик билан ички ишлар идораларига хабар берилган.
«Ҳолат юзасидан тезкор ҳаракатлар олиб борилди. Ва С.Ж.нинг хонадонида автомобиль калитини машина салонида қолдирмаслик, бу ҳар қандай ўсмир боланинг эътиборини жалб қилиши мумкинлиги ва улар хатти-ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш юзасидан профилактик суҳбат ўтказилди. Ўсмир боланинг онаси ўғлининг машинанинг ҳовлидан олиб чиққанидан хабари йўқлигини ва бу ўзининг хатоси эканини тан олди. Вояга етмаган фарзандига автомобил бошқарувини топширган онага нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилди. Шу ўринда, Барча ота-оналардан вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларига автомобил бошқаришга рухсат бермасликларини, уларга доимо йўлларда қоидаларга риоя этишни ўргатиб боришларини сўраймиз»,-деди Улуғбек Шукурлаев.
Ҳолат юзасидан С.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1351- моддаси (Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш) ҳамда 147-моддас (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш талабларини бажармаслик) қўлланилган. Ушбу модда билан жавобгарликка тортилган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter