Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автомобиллар «суициди»: ёритгичлар айбдормасми? Кимга ишониш керак ўзи?

Автомобиллар «суициди»: ёритгичлар айбдормасми? Кимга ишониш керак ўзи?

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёнаётган автомобилларнинг суратлари кенг тарқалмоқда. Фойдаланувчиларнинг фикрларига кўра, бунга кундуз вақтида ёритгичларни ёқиб юриш сабаб бўлган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бу масалага ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғланишибди.

Хуллас, уларнинг тўхтамига кўра, автомашиналарнинг ёниб кетишига ёритгичлар сабаб эмас экан.

ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди.

«Шундай экан агар сизнинг автомобилингиз «катта ёшда» бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур.

Биз бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram мессенжерида ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз «мутахассис» хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақирамиз», дейилади ИИББ хабарида.

Ёритгичлар айбдор бўлмаса, унда нега сўнгги кунларда автомашиналарнинг «суициди» кўпайиб кетди? Аниқ сабаб нимада ўзи? Муаммо кўпроқ электр ўтказгичларга бориб тақалаётган бўлса, кундузи иссиқ ҳавода ёритгичларни ёқиб юриш ўтказгичларга қўшимча босим юкламайдими?

Блогерлар ёки ижтимоий тармоқлардаги каналлар муаллифлари «мутахассис» хулосаларини айтишмаяпти, улар фожиа юз бермасидан аввал эҳтиёт чораларини кўриш лозимлигини бонг уришмоқда, холос.

Буни қарангки, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига таяниб автомашиналарнинг ёниб кетишига ёритгичлар сабаб эмас, деб турган бир пайтда, Самарқандда туман ФВБ ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи бунинг мутлақо тескарисини айтмоқда (қуйидаги видеони охиригача кўринг).

15 май куни Самарқанд вилоятида «Матиз» автомашинасининг ёниб кетиши сабабларини изоҳларкан, мутахассис транспорт воситасининг «кундузи ёритгичларнинг ёқиб юриши ва бизнинг ўлкамизда иссиқ ҳарорат бўлганлиги сабабли электр симлари бардош бермагани, натижада қисқа туташув юзага келиб, ёнғин содир бўлгани»ни таъкидлайди.

Қизиқ, кимга ишониш керак ўзи?

Тошкент шаҳар ИИББ мутахассислари блогер ва телеграм канал юритувчиларни қўштирноқ ичидаги мутахассислар деб таърифлаётган бир пайтда, юртимизнинг бошқа бир ҳудудида ҳақиқий мутахассис ёнғин сабабини аниқ-тиниқ қилиб кундузи ёритгичларни ёқиб юришга боғлаб турса, ғалати бўлар экан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг