Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

UzAuto Motors раҳбари «сюрпризлар» тайёрланаётганини маълум қилди

UzAuto Motors раҳбари «сюрпризлар» тайёрланаётганини маълум қилди

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ва UzAuto Motors компанияси ташаббуси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режа асосида пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар сафар давомида UzSangvu, Avtooyna, Uz-Chasys, Uz-Koji, UzDongVon ҳамда UzAuto Motors (собиқ GM Uzbekistan) заводидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Кеча завод маъмуриятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида компания номи ўзгариб, «GM» сўзидан воз кечилган бўлса-да, Американинг GM автомобилсозлик корпорацияси билан ҳамкорликдан воз кечилмагани, алоқалар тўхтамагани ва бундан кейин ҳам тўхтамаслиги маълум қилинди.

«Сифат компаниямиз учун муҳим ва долзарб масаладир, — деди UzAuto Motors бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов. — Агар сифатга риоя қилмай қўйсак, GM биз билан ишлашни тўхтатиб қўяди, бунга уларнинг ҳаққи бор, ўзаро келишув ҳақидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда шундай ёзиб қўйилган. Чунки бизда автомобиллар Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилмоқда, Chevrolet эса GM га тегишли. Агар бирор жиҳоз сифатсиз ёки яроқсиз бўлса, бу GM нинг иқтисодий сиёсатига, имиджига путур етказади. Шунинг учун корхонамизда ишлар, сифат назорати General Motors компанияси стандарти бўйича давом эттирилади».

Компания ребрендинги бошқа лойиҳаларга таъсир кўрсатмаслиги, хусусан, Ravon бренди ҳам ўзгартирилмаслиги қайд этилди. Айтилишича, заводда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар хорижий давлатларга Ravon бренди остида экспорт қилиниши давом этади.

UzAuto Motors бош директори ОАВ вакиллари саволларига жавоб берар экан, янги лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

«Ravon брендига ўхшаган янги брендлар яратилади, бу борада жиддий ва изчил иш олиб борилмоқда, — деди Рустам Ражабов. — Улар қандай брендлар эканини ҳозирча ошкор қилолмайман. Яқин кунларда хабар топасиз. Бу сюрприз бўлади».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг