Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оилавий қотиллик: жирканч одамлар қилмиши

Оилавий қотиллик: жирканч одамлар қилмиши

Қотил оила (Стафлблэк).

Серияли қотилликлар бир киши томонидан амалга оширилса, ҳар қандай инсонни қўрқитади, аммо бу ишни бутун бошли оила амалга оширса-чи? Бу янада даҳшат! Улар шафқат билмас одамлардир. Сиз ҳеч қачон бундай махлуқлар қўшни бўлиб яшашни хоҳламас эдингиз.

Ака-ука Харплар катта эҳтимол билан Америкадаги биринчи сериялик қотиллар ҳисобланади. Гарчанд улар аммаваччалар бўлишса-да, вақт-соати ўтиб, бўй-бастидаги тафовутга кўра, Микаж «Тўнғич» Харп, Уайли эса «Кичик» Харп бўлиб танилди. 1775 йилда улар Шимолий Каролинадаги ўз фермасини тарк этиб, пул ва саргузашт излаб йўлга тушишди. Америка инқилобидан кейин Кентукки ва Теннессидаги ёввойи ўрмонлар оралаб сайр қилишаркан, тез орада жиноятчи ва қотилларга айланишди.

 

1781 йилдан 1799 йилгача бу икки қариндош Теннессидан Иллинойсгача ўнлаб одамларнинг умрига зомин бўлди. Йўл-йўлакай эса бошқа жиноятчиларни ҳам учратиб, йириклашиб бордилар. Уларнинг қурбонлари эса, асосан, саёҳатчилар ёки шу атрофда яшовчи одамлар эди. Қотиллар қурбонларини ўлдиргач, танасига тош боғлаб, дарёга чўктириб юборишарди.

1799 йили қурбонлардан бирининг отаси ака-укалардан бирини отиб ўлдирди. Иккинчиси қочди, аммо кейин қўлга олиниб, қатл этилди. Улар камида 39 кишини ўлдиришган, аммо маълум бўлишича, 50 нафарга яқин одамни гумдон қилишган – буни ўзлари айтиб беришган.

* * *

Опа-сингил Гонсалеслар камида 90 нафар одамни ўлдиришган. Уларнинг қотилликлари 1950 йилдан 1960 йилгача Мехико шимолидаги Гуанахуато штатида рўй берган. Дельфина ва Мария де Хесус Гонсалес Валенсуэла «Ранчо Эль Анхель (Фаришта ранчоси)»ини бошқаришган. Улар хотин-қизларни алдаб ишлатишган ва хўрликка мубтало қилишган. Бу бераҳм опа-сингил аёлларни официант ёки энага бўлиб ишлашларини айтиб, ўз тузоғига туширган, аммо кейин фоҳишаликка мажбур қилишган.

Касаллик орттирган ёки ишдан бош тортган аёллар оч-наҳор қолдирилган ёки ўлдирилган. Ҳомиладор бўлган аёлларни эса боласини аборт қилишга мажбур қилишган. Опа-сингил узоқ йиллар шу тарзда мўмай пул топишган. Ниҳоят бу томонларга полиция қадами етиб, бир нечта гўдакнинг мурдаси ва катта ёшли қурбонларнинг жасади топилгач, уларнинг фаолиятига нуқта қўйилди.

Опа-сингиллар эркак-мижозларни ҳам ўлдиришган. Уларнинг ҳисобида 90 та қурбон қайд этилган бўлиб, шу қўрқинчли рақам билан Гиннесс рекордлар китобидан жой олишган.

1964 йили опа-сингилнинг ҳар бири 40 йиллик қамоққа ҳукм қилинди (Мексикадаги узоқ муддатли жазо). Одам савдоси билан шуғулланган яна 19 жиноятчи, жумладан, уларнинг оила аъзолари ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

* * *

Бендерлар оиласи эр – катта Жон, хотини – Эльвира ва бу жуфтликнинг фарзандларидан иборат эди. 1870 йилда улар Осейжейдан унча узоқ бўлмаган Канзасдан қўним топишди. Тез орада эса бу оила ҳеч нимадан шубҳа қилмаган саёҳатчиларни асфалософилинга жўната бошлади. Қурбонларга егулик ва ётиш учун жой таклиф қилишар, кейин эса ишга киришишарди.

Одатда, сайёҳ кечки овқатланиш учун фахрий жойга ўтқазиларди. Орқа томонда, парда ортида эса қўлида болға ушлаган оила бошлиғи пойлаб турарди. Меҳмон ўлдирилгач, уни туйнук орқали ертўлага ташлардилар. «Қўй оғзидан чўп олмаган» оила шу тариқа жуда кўплаб одамларнинг умрига зомин бўлди. Уларни ҳеч ким қотил деб ўйламас, чунки Бендерлар унча-мунчага эътиборни тортавермасди.

Аммо таниқли врач ўлдирилгач, унинг укаси ва қўшнилар бу оиладан шубҳаланиб қолди. Маҳаллий изқуварлар Бандерлар уйини тинтув қилганида улар аллақачон бу ерни тарк этишганди.

Боғдан 10 та кўмилган жасад топилса-да, бироқ 21 нафар одам ўлдирилган, деган хулосага келинди. Бендерларни кўрган ва топган кишиларга мукофот берилиши эълон қилинди, аммо қотиллар барибир топилмади. Афтидан, Бендерлар оиланинг ҳақиқий фамилияси бўлмаган.

* * *

Стаффлбэклар яна бир серияли қотил оила бўлиб, XIX асрнинг охирида Канзасда пайдо бўлган. Оила бекаси Нэнси Стаффлблэк бу хонадонда қотиллик рўй бергунга қадар жиноятчилик билан шуғулланган. 1897 йили Нэнси, унинг эри ва икки ўғли шахтёрни ўлдириш ва мурдасини ташландиқ шахтага улоқтиришда айбланиб, суд қилинди.

Стаффлбэклар оиласи фақат битта жиноят бўйича жазоланган бўлса-да, аслида ўзлари бошқарган фоҳишахонада эликка яқин одамни ўлдиришгани айтилади.

Биринчи қурбон оиланинг ўғилларидан бири Эднинг қиз дўсти эканлиги эҳтимол тутилади. У билан яна бир дугонаси Стаффлбэклар уйига келишганди. Айнан шу қиз билан ўртада кучли зиддият чиққан. Натижада иккинчи ўғил Майк уни ўлгунича дўппослаган. Гувоҳ қолдирмаслик учун эса Эд ҳам худди шу тарзда биринчи қизнинг баҳридан ўта қолган. Ёш меҳмонларнинг жасадини ташландиқ ертўлага ташлашган.

* * *

1979 йилда Линдвуд Эрл Брил, Жеймс Дайрал (Жей Би) Брил ва Энтони Рай Брил Виржиния штатидаги Ричмондга қўрқув солишди. Тўда бошлиғи бўлмиш тўнғич ўғил Линдвуд ҳали 16 ёшида қотилликка қўл уриб бошлаган эди. У орқа ҳовлида чойшабларни қуритиш учун дорга ёйган 57 ёшли қўшни аёлни отиб ташлаганди. Бу жинояти учун бор-йўғи бир йил ахлоқ тузатиш мактабида бўлди, холос.

Ака-ука Бриллар ўзларининг ўсмир ҳамтовоғи билан 11 нафар одамни ўлдиришган. Аслида 20 га яқин инсоннинг умрига зомин бўлишгани тахмин қилинади. Қотилликлар шафқатсизлик билан амалга оширилганки, бу ҳақда муфассал ёзишга қалам бормайди. Қурбонлар орасида ҳомиладор аёл ва унинг беш ёшли ўғли ҳам бўлган.

Серияли қотилликларнинг саккизинчи ойидан сўнг ниҳоят уч ака-ука ҳибсга олинди ва қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кичик ука Энтони қатлдан қутулиб қолди, чунки унинг ўз қўли билан қотиллик қилгани ҳақида далил-исбот йўқ эди. Тўнғич ўғил Линдвуд ва ўртанча ўғил Жей Би Виржиния штатидаги Бойднтондан унча узоқ бўлмаган Мекленбурдаги қаттиқ режимли қамоқхонанинг ўлимга ҳукм этилганлар камерасига юборилди.

Қотиллар у ерда ҳам жиноят қилишда давом этишди. Икки ака-ука Америка тарихида ўлимга маҳкум қилинган маҳбусларнинг энг йирик исёнига бошчилик қилди. Улар ва яна тўрт маҳбус қамоқхона ходимларини гаровга олиб, қочиб кетишди. ФҚБ билан отишмадан сўнг ака-укалар яна ҳибсга олинди. 1984 ва 1985 йилларда улар қатл қилинди.

«Брайллар тўдаси» ҳақида Дуэйн Уокер ва Жек Розвуднинг 2015 йили нашр этилган «Ака-ука Брайллар: қотил оға-инилар хусусида» китобида батафсил келтирилган.

* * *

Фред ва Роуз Уэстлар эр-хотин бўлиб, 1970 ва 1980 йилларда Англиянинг Клостер шаҳрида 10 га яқин одамни ўлдиришган. Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу оилада фарзандлар ҳам жиноят иштирокчилари эдилар. Уэстлар ўз қурбонларини болалари учун аёлларни энагаликка ёллаш орқали танлашган. Кейин эса зўрлаб, қийнаб ўлдиришган.

Эри қамоқда бўлганида 1971 йилда Роуз унинг саккиз ёшли қизини ўлдирди. Озодликка чиққан Фред мурдани бўлаклаб, яшириб ташлади. Орадан кўп йиллар ўтгач, эр-хотин ўзларининг 16 яшар қизи Хизерни ўлдиришди. Қиз ўзининг ўртоқларига ота-онаси уни тез-тез дўппослаши ҳақида айтиб берган эди.

Уэстларни ниҳоят 1995 йилда ҳибсга олишди. Бу уларнинг бошқа қизи ўз дугонасига ота-онасининг шафқатсизларча муносабати борасида айтиб берган эди. Дугонаси полицияга мурожаат қилди.

Терговчилар ҳовлида ўнта аёлнинг мурдасини топишди. Фред Уэст судгача ўз жонига қасд қилиб ўлди. Роуз Уэст эса муддатидан олдин озод қилмаслик кафолати билан бир умрга қамалди. Унинг ноодатий болалиги ва ҳаёти тарихи Картер Вудроунинг 2011 йилда нашр қилинган «Роуз Уэст: махлуққа айланиш» китобида ёзилган.

А.Фатҳуллаев

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг