Мажлис ҳам иш, окоси! (ҳажвия)
Эрталаб соат тўққизда ўтказадиган йиғилишига ўзи кечиккан бошлиқ қабулхонада котибадан бошқа ҳеч ким йўқлигидан ажабланганини яширмади.
– Мажлисга айтилганлар қани?
– Сизни роса бир соат кутишди, кейин ўринбосарингиз ҳаммани турли йиғилишларга жўнатди.
– Ўринбосарнинг ўзи қаерда?
– Вазирликка кетди, сизнинг ўрнингизга.
– Бош муҳандис-чи?
– Вилоят касаба уюшмаси кенгашининг техника хавфсизлиги бўйича тадбири бор экан...
– Касаба уюшмамиз бошлиғи-чи?
– Парашют спорти федерациясига сиз бошлиқсиз. Шошилинч мажлис ўтказилаётган экан. Ўрнингизга ўшани юборишди.
– Бош ҳисобчи шу ердадир?
– Дебитор қарзлар бўйича бирлашмада ҳисобот бор экан. Сизнинг шахсан иштирок этишингиз тайинланган. «Раҳбарнинг ўзи келмадими, дея мени уришади», деб бошбух қўрқиб-қўрқиб кетди.
– Нечта йиғилишга айтишган, ўзи?
– Еттита, ўртоқ директор.
– Ҳаммаси бир вақтдами?
– Иккитаси тўққизда, бештаси ўнда.
– Мен ходимларнинг кўпроқ ўз жойларида, ўз ишлари билан банд бўлишлари ҳақида мажлис ўтказмоқчи эдим, эсиз. Бинога киришда қоровулни кўрмадим. Қаерда у?
– Йиғилишда.
– Қоровулни сўряпман. У қанақа йиғилишда?
– Қоровулимиз ўз ишидан ташқари бизда боғбонлик вазифасини ҳам бажаради. Шуни эътиборга олиб, ўринбосар уни туман табиатни муҳофаза қилиш бўлимида ўтказиладиган йиғилишга юборди.
– Оббо!.. – Бошини қашлаб ўйлади бошлиқ: ҳамма мажлисда, аммо мажлис ҳам иш дегани аслида, окоси, чунки ҳар қандай йиғилишда иш ҳақида гапирилади-да!..
У котибага юзланди:
– Бўпти!.. Бугунги йиғилишни эртага соат тўққизда ўтказамиз. Ҳаммага тайинланг.
– Хўп бўлади, аммо... эртага соат тўққизда сизни учта йиғилишга айтишган...
Хуршид Нуруллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter