Аёл ёниб кул бўлаётганида... туғилган чақалоқ
Бундай мудҳиш ҳодисани дунё дунё бўлиб эшитмаган...
Фарғонада «Matiz» автомашинасида ёнғин содир бўлиб, унинг оқибатида автомашина ичидан аёл жинсига мансуб куйган ҳолдаги мурда аниқлангани хабар қилинганди.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳодисанинг аянчли тафсилотларини эълон қилди.
Бу воқеанинг олдида қўрқинчли кинолар ҳам «дам олади». Ёвузликнинг, исённинг, хорликнинг олий даражаси. Пасткашлик, қўрқоқлик, тубанлик, ёвузлик деган сўзлар бу жабрланганлар, жабрлаганлар учун мулойимроқ. Энг даҳшатлиси нима биласизми, одам тасаввурига ҳам сиғдиролмайдигани — олов ичида қолган аёлдан чақалоқ туғилади!
Ёнаётган онадан туғилган чақалоқ тирик бўлади, лекин унинг ҳаётини шифокорлар сақлаб қолишолмайди.
Ёш аёл десанг, 1987 йилда туғилган экан. Шу ўринда савол туғилади. Қани маҳалла, қани оилалар билан ишлагичлар, қани хотин-қизлар масъуллари? Наҳотки маҳалладагилар билишмаган, «қўй, бизда қўшхотинликка қонуний жазо бор», дейишмаган. Нега қўшхотинликка қарши қонун ишламайди? Балки шу қонун ишласа рашк бўлмасди, жанжал бўлмасди.
Яна савол туғилади: одам ўзини бундай ҳолатда, бунақа ваҳшиёна ҳолатда жазолаши учун қайси муҳитда катта бўлиши керак, ёнишдан-да азоблироқ қандай кўргуликларни, қисматни кўрган, бошидан ўтказган бўлиши керак? Тўлғоқ азоби, куйиш азоби, ЁНИШ АЗОБИ, чорасизлик...
Ёнаётган онада куйиб туғилган чақалоқ... Хориждаям режиссёрларнинг бундай аянчли ҳодисани кино қилишга юраги дов бермаган бўларди. Кино ишлангандаям, ҳаётда йўқ бундайлар, бу киноку деб ўзимизни овутардик, лекин бу ҳаётий воқеага қандай ўзни овутмоқ мумкин?!
Марказий Осиёнинг аёлларидек исённинг энг мудҳиш, энг оғриқли, энг азобли ўзини ёндиришдек, куйиб кул бўлишдек йўлни танламаса керак. Қачон бу исёнларга барҳам берилади? Ўзига ўт қўйиб, ёниб, кул бўлаётганда туққан аёлни дунё дунё бўлиб эшитмаган бўлса керак!
Аёлни, чорасиз аёлни айблаяпману аммо воқеа бошқача бўлган бўлиши мумкинми, деган саволлар тинчлик бермаяпти.
Бош прокуратуранинг расмий муносабатига эътибор қаратинг: «М.У. «Матиз» русумли автомашина бошқарувида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида) 1987 йилда туғилган М.Х.ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида, турмуш ўртоғи уни рашқ қилган ҳолда оғзаки жанжаллашиб келган.
М.У. турмуш ўртоғи билан гаплашиб олиш мақсадида, автомашинани Фарғона шаҳридаги «Нефтчи» стадиони рўпарасида тўхтатган. Шу вақтда, автомашина орқа ўриндиғида ўтирган М.Х. (аёл) ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги «бензин» ёқилғисини дастлаб турмуш ўртоғи М.У.ни, кейинчалик эса ўзини ва автомашина салони ичига сепиб, ёқмоқчи бўлган».
Аёл шифохонадан уйига кетаётган эдику (уйидан олиб чиққан бензин дейилаяпти), бензинни шифохонадаям олиб юрганми?
Қисқа қилиб айтганда, шифохонадан чиққан аёлда бензин қандай пайдо бўлиб қолди?
Яна савол туғилади, аёлнинг қўлига зажигалка қаердан тушиб қолган ва куйиб кул бўлган аёл ўзини зажигалка билан ёққанини қандай аниқлашган? Борингки, аёлни бу мудҳиш йўлни танлашга қандай руҳий омиллар мажбур қилган?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter