Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чирчиқ дарёсига ўлик балиқлар қаердан келиб қолгани маълум қилинди

Чирчиқ дарёсига ўлик балиқлар қаердан келиб қолгани маълум қилинди

Давлат экология қўмитаси Чирчиқ дарёсида балиқларнинг оммавий нобуд бўлгани тўғрисида эълон қилинган видеомурожаат бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, ўрганиш давомида мазкур ҳолат Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги «Қўш ёғоч» МФЙда жойлашган «Азизжон Нурли Агро Файз» МЧЖга тегишли бўлган балиқлар сақланадиган ҳовузда содир бўлгани аниқланган.

24 сентябрь куни балиқчилик хўжалигида етиштирилган балиқларни овлаш даврида ҳовуз суви камайгани, балиқлар узоқ муддат тўрда қолиб кетгани, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида сувнинг меъёридан ортиқ даражада илигани, ҳовуздаги сув таркибида кислород етишмагани сабабли балиқлар нобуд бўла бошлаган. Шундан сўнг чала ўлик балиқлар ҳовузга 10 метр масофа узоқликда бўлган Чирчиқ дарёсига оқизилган.

Ишчи гуруҳ томонидан мобил лаборатория жалб қилиниб, Чирчиқ дарёси ва балиқчилик хўжалигидаги сув ҳавзаларидан намуналар олинган.Таҳлил натижаларида сувнинг кимёвий моддалар ёки бошқа таъсирлар натижасида ифлосланмагани аниқланган.

Қўмита хабарида айтилишича, балиқчилик ҳовузида балиқ боқиш ва нобуд бўлган балиқларни белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича алоҳида текшириш ўтказилиб, қонунбузилишига йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг