Самарқандда талаба қиз ярим тунда ётоқхонанинг 9-қаватидан тушиб кетди
Самарқанда талаба қиз ётоқхонанинг баланд қаватидан ўзини ташлагани айтилмоқда. Воқеа 29 март куни, тахминан соат тунги иккиларда Самарқанд шаҳри, Спитаменшоҳ кўчасида жойлашган Самарқанд давлат университети талабалар ётоқхонасида содир бўлган. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, талаба қиз университетда кечки таълим шаклида, иккинчи курсда ўқиган. Университетнинг ёшлар масалалари бўйича проректори талабанинг ўқитувчи ёки курсдошлари билан низоли ҳолатлари, ўқиши билан ҳеч қандай муамоси бўлмаганини айтмоқда.
― Шу нарса аниқландики, қизимиз тарбияли, оғир-босиқ, фақат озгина журатсизроқ, лекин ўқишга қизиқувчан, интилувчан бўлган. Мана ҳозирги кунда талабаларга ишлашга рухсат берилсада, «мен ишлашим керак эмас, яхши ўқишим лозим» деган позицияни тутган қизларимиздан бўлган. Ҳар битта курсдоши билан, бу ердаги хонадоши билан, ўқитувчилари билан гаплашдик. Ҳеч ким билан ҳеч қандай келишмовчилиги йўқ, ― деди СамДУнинг ёшлар масалалари бўйича биринчи проректори Шаҳзода Негматова.
Талаба қиз аслида ётоқхонанинг олтинчи қаватида яшаган, аммо у ётоқхона биносининг тўққизинчи қаватидан ўзини ташлаган.
― Оқшом аниқ соат неччилигини билмийман, коридордан баланд шовқин эшитилди. Нима бўлди деб кўзимни очдим. Ҳамма у ёқ-бу ёққа чопган, ички ишлар ходимлари келган,― дейди ётоқхонада яшовчи талабалардан бири.
― Ҳолат ҳамма уйқуда вақтида содир бўлган. Биз ҳам ички ишлар ходимлари келганидан кейин билдик,― дейди бошқа бир талаба.
У ичидагини бировга айтмайдиган, оғир-босиқ қиз бўлган. Аммо сўнгги вақтларда бироз тушкун кайфиятда бўлганини айтади дугоналаридан бири.
― Хонадоши хонасида бўлган, нега кайфиятинг йўқ деб сўраганида йиғлаб чиқиб кетган экан,― дейди ётоқхонада яшовчи талабалардан бири.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси маълумот берди.
Унда қайд этилишича, 2022 йилнинг 29 март куни тунги соат тахминан 02:03да Пастдарғом туманида яшаган Э.С. Самарқанд шаҳри Спитаменшоҳ кўчасида жойлашган кўп қаватли талабалар ётоқхонасидан тушиб кетиб, оғир тан жароҳати олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter