Сумкасида бомба борлигини айтган 19 ёшли қиз ушланди
Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 22 октябрь куни 19 ёшли қиз сумкасини текширтираётган пайтда унинг ичида бомба борлигини маълум қилган.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси маълум қилишича, 2003 йилда туғилган қиз автоматик ўтказиш пунктида ўз хизмат вазифаларини бажараётган ходим томонидан тўхтатилган.
Н.С. исмли қиздан Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими сумкани кўрсатишни сўраганида, қиз сумкасида бомба борлигини айтган.
Кўрсатмага кўра, ходимлар зудлик билан яқин атрофдаги ҳудудни ўраб олган ва воқеа ҳақида навбатчилик бўлимига хабар берилган. Шундан сўнг воқеа жойига Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган. Қиз ҳам вақтинча ҳибсга олинган.
Сумкани кўздан кечириш чоғида ундан портловчи мослама топилмаган. Шундан сўнг далолатнома тузилган. Ходим қиздан нима учун сумкасида бомба борлигини айтганини сўраганида Н.С. унинг кайфияти яхши бўлгани ва шу тарзда ҳазил қилишга қарор қилганини айтган.
Қиз пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани 3-ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter