«Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари боргунича айиқ отиб ўлдирилган» — вазирлик
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ отиб ўлдирилгани хабар қилинганди.
Ҳолат юзасидан Табиат ресурслари вазирлиги расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 5 апрель куни тахминан соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмаганлиги боис айиқ безовталаниб, жарликдан тепага чиқишга уринган. Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи А. Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.А. га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Натижада айиқнинг жони узилган.
«Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари ҳодиса жойига етиб борганида айиқ нобуд бўлган эди.
Мазкур ҳолат ўрганилиши давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида қўнғир айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади.
Таъкидлаш жоизки, айиқнинг териси шилиб олингани ҳақидаги фото ва хабар ҳақиқатга зид. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратнинг Чироқчи туманидаги воқеага алоқаси йўқ. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter