Учкўприкда ҳашарга мажбуран чиқарилган ходим бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди
Фарғона вилоятида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг ходими бахтсиз ҳодиса қурбон бўлди. Фожиа юзасидан Ижтимоий ҳимоя агентлиги расман баёнот берди.
Маълумотга кўра, шу йилнинг 29 июл куни Учкўприк тумани ҳокимлиги томонидан “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳашарга жалб этилган. Ҳашар пайтида ёлланма ишчилар томонидан фойдаланилаётган ўт ўрадиган асбобнинг пичоғи синиб кетиб, жараённи кузатиб турган Учкўприк тумани «Инсон» ижтимоий xизматлар маркази ходими Тоҳиржон Жўраевнинг қорнига санчилиб, у олган жароҳати оқибатида вафот этган.
Таъкидланишича, марҳумнинг оиласи Агентлик томонидан доимий эътибор ва назоратда бўлади, уларга зарур ижтимоий кўмак кўрсатиш давом эттирилади. Бундай фожиали ҳолатлар такрорланмаслиги учун ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги, уларни хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этиш ҳолатлари ҳамда масъул шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан атрофлича ўрганиш ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилади.
Интернет нашрлари тарқатган маълумотларга кўра, Тоҳиржон Жўраев вилоятга кутилаётган президент ташрифи олдидан мажбурий тарзда ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Марҳум 34 ёшда бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter