Зангиотада солиқчи, Бувайдада муҳандис ушланди
Зангиотада солиқчи, Бувайдада муҳандиснинг қилмишлари фош бўлди.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган ҳамда халқ орасида «Чинни бозор» номи билан танилган «Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси»да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЯТТ) дўконида солиқ текшируви ўтказилган.
Натижада, тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали ўзининг шахсий банк пластик картасига ўтказиб, ЯТТ ҳисоб рақамига кирим қилмаганлиги аниқланган.
Зангиота тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори эса ЯТТга 160 млн сўм миқдорида жарима қўлланилишини айтиб, уни бартараф этиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқчининг топшириғи билан тадбиркордан ушбу пул маблағини олган вақтида унинг воситачи ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу каби қонунбузилиш ҳолати Фарғона вилоятида ҳам кузатилиб, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бувайда тумани Электр таъминоти корхонаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қуёш панельлари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркордан ноқонуний равишда 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, муҳандис ўз ҳудудида қуёш панелларини ўрнатиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида тадбиркорга йўналтириш, панельларни ўрнатиш бўйича керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш ва техник шарт олиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter