«50 доллар бермасанг, оёқ-қўлингни синдираман»: жиноятчи қўлга тушди
2021 йил 17 май куни фуқаро А.Ботир Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган. Унда «Шохроб» исмли таниши унга қўнғироқ қилиб, 50 АҚШ доллари беришни талаб қилаётганлиги, «ушбу пулни бермасанг, уриб оёқ-қўлингни синдираман», деб қўрқитиб, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилиб келаётганлиги, ушбу шахсга қонуний чора кўришликни сўраган.
Ўз навбатида фуқаро А.Ботирнинг аризаси юзасидан 2021 йил 18 май куни соат 00:20 да Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан Юнусобод тумани 11-мавзеда жойлашган «ТЕТ-А-ТЕТ» кафеси ёнида ўтказилган тадбир давомида, «Шохроб» исмли шахс фуқаро А.Ботирдан талаб қилинган 50 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида «Шохроб» исмли шахснинг шахсига аниқлик киритилиб, у 26 ёшли фуқаро эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берган.
Жиноят иши доирасидаги тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter