Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шу куннинг саволи: битта тузувчига нечта бузувчи?

Шу куннинг саволи: битта тузувчига нечта бузувчи?

Фото: Xabar.uz

1998 йилнинг 29 май куни Самарқанд шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими ўз қарори билан «Гулистон Ко ЛТД» МЧЖга Даҳбед кўчасидаги ўзига тегишли бино-иншоотларини қайта таъмирлаб, қаҳвахона ва савдо дўкони очишга рухсат беради. Ҳамма ишлар рисоладагидек бажарилади ҳам. Бироқ «Гулистон...»нинг ишлари гуллаб кетмайди чоғи, эгаси бино-иншоотларни сотиб юборади.

Кўчмас мулкларнинг кейинги эгаси ҳам бу жойда кўп ишламади: уям сотди. Қўйинг-чи, ўтган 22 йил давомида кўчмас мулк эгаси бир неча бор ўзгарди. Бу орада гаров қўйилиб, банкдан кредит олинди. Кредит тўловида муаммо пайдо бўлгач, таг-туги билан банк эгалигига ўтди. Банкирлар уни амаллаб сотганидан кейин ҳам эгаси икки марта ўзгарди. Айни жараёнлар қонун доирасида амалга оширилгани учун ҳеч кимда эътироз уйғотгани йўқ.

2018 йилнинг сентябрь ойида мазкур жой Салима Раҳматова ихтиёрига ўтади (аёл бино-иншоотларни «Nisi multifruts trade» МЧЖдан сотиб олади). Сўнг фойдаланишдаги бино-иншоотларнинг биқинидан тегишли рухсат ва тартиб-қоидаларга мувофиқ мўъжазгина бино қуриб, уни стоматологик даволаш муассасасига айлантиради. Мазкур бино 2019 йилнинг 3 июнь куни фойдаланишга қабул қилинган бўлса, орадан бир кун ўтиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шу тариқа ишлаб бошлаб юборилди.

Бироқ мазкур жойда бировнинг бири икки бўлмаслигига дуо кетганми, ким билсин, қўлдан-қўлга ўтиб, С. Раҳматова эгасига айлангандан кейин ҳам ишга тушов тушсами?! Аввалги эгаларидан баъзилари уни сотиб фойда кўрган бўлса бордир, бироқ бино-иншоотларнинг охирги соҳибаси ундан тамоман мосуво бўлиш арафасида турибди?!

Нега? Сабаб?

Ҳаммаси тадбиркор (тўғрироғи, унинг вакили) ва маҳаллий раҳбарлар ўртасида «оламушук» ўтганидан кейин бошланди. Икки ўртада ўтган «оламушук»нинг баёни шартмас. Зеро, айни дамда сабаб эмас, оқибат муҳим.

Оқибат шу бўлдики, салкам чорак асрлик бино-иншоотларнинг тарихи бирдан тафтиш қилиниб, Самарқанд шаҳар прокурори қатор қонунбузарликлар топди гўё. Яъниким, 22 йил аввал «Гулистон Ко ЛТД» МЧЖга каҳвахона ва савдо дўкони биноларини таъмирлаш учун рухсат берилган пайтда бино-иншоотларнинг фойдаланишда бўлган 609.кв.м. ер майдони «Чашма» коллекторининг муҳофаза зонасида жойлашгани эътиборга олинмаган, баски, шаҳар ҳокимининг 1998 йилдаги 201-К-сонли қарорини бекор қилиш керак.

Прокурорнинг шу мазмундаги протестини Самарқанд шаҳар ҳокими (ҳоким аввал шу ҳудуд прокурори бўлган) мамнуният билан қарши олди. Ва бир деганда уни қаноатлантириб, 22 йил аввал чиққан қарорни бекор қилиб юборди.

Бино-иншоотлар ўтган давр мобайнида кимнинг қўлига ўтиб, номи неча бор ўзгарган бўлмасин – ўзак томир битта: 1998 йилдаги қарорга бориб тақалаверади. Шу ҳужжат орқали қурилиш-таъмир ишлари бажарилиб, фойдаланиш учун қабул қилиниши ҳамоно давлат рўйхатидан ўтказилган. Мулк ҳуқуқи у давлат рўйхатидан ўтгандан кейин вужудга келадики, айни ҳуқуқ асосида бино-иншоотлар бир неча бор сотилди, гаровга қўйилди ва ҳоказо... Орадан бир йигит ёшига баробар вақт ўтиб, 1998 йилдаги қарор бекор қилиниши эса, охирги мулкдор ким бўлишидан қатъи назар, бино-иншоотлар бузилишини англатади. Бундай ҳолатда ютқазса, фақат фуқаро ютқазиши мумкин, илло маҳаллий ҳокимият эмас, энг муҳими – бино-иншоотларнинг охирги эгасига бир чақа товон тўламайди...

Шунинг ўзи ижтимоий адолат топталаётганига ёрқин мисол аслида! Чунки, бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилмаган, ҳаммаси тегишли тартибга риоя қилинган ҳолда амалга оширилган. Бироқ, нима дейсизки, мулкдор-у тадбиркор ҳуқуқлари мудом ҳимояда экани ҳақида минг айтилсин-айтилмасин, ҳозирги қурилиш-у бузилишлар авж олган пайтда бунга жиддий эътибор берилаётгани йўқ.

Масаланинг бир томони – шу. Иккинчи томоники, бу прокурор протести ва уни қаноатлаштириш ҳақидаги ҳоким қарорининг (29.05.2020 й. 320-К сонли) ҳуқуқий қувватига бориб тақалади.

Ирригация билан боғлиқ тизим фаолияти қонундан кўра кўпроқ қарор ва қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солинганини биров билар, биров билмас. Прокурорнинг 22 йил аввал чиқарилган ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича киритган протестида бу ҳол яққол кўринади. Прокурор ўз протестига Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 17 апрелида 174-сонли қарори билан тадиқланган Низом ва ҳукуматнинг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли қарори билан тасдиқланган яна бир Низомни асос тариқасида келтиради. Хўп, яхши. Бироқ шу ўринда яна бир оғриқли савол туғилади денг: Конституцияда кафолатланган мулк ҳуқуқига қонун ости ҳужжат ҳисболанмиш Низом талабларини дастак қилган ҳолда дахл қилиш нечоғли тўғри? Низомлардан бири – ҳоким қароридан 21 йил ўтиб қабул қилгани-ку, инчунин.

Майли, буларниям қўйиб, масалага босиброқ қарайлик.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 17 апрелдаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда магистрал каналлар ва хўжаликлараро коллекторлар сувини муҳофаза зоналарини белгилаш, уларни тартибга солиш қоидалари белгиланган. Унга кўра, сониясига 50 куб. метрдан кўп сув ўтказиш қувватига эга магистрал каналлар, лойиҳа ҳисоб-китоби бўйича сониясига 10 куб. метрдан ортиқ бўлган магистрал коллекторлар бўйлаб сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилади. Тадбиркорнинг мулклари остидан ўтган ва бугунга келиб, шунинг воситасида ўзининг ҳам «тагига сув» қўйилаётган «Чашма» коллектор-дренажи тармоғи на магистрал, на хўжаликаро коллекторлар турига киради! Чунки, унинг сув ўтказиш ҳажми ошиб борса, сониясига 3 куб. метр, энг ками сониясига – 0,15 куб.метрни ташкил қилади. Бу аниқ ҳисоб-китоб қилинган ва тегишли ҳужжатларга зарб этилган рақам. «Чашма»ни магистрал ёки хужаликлараро коллектор дейиш учун қайд этилганидек, сув ўтказиш ҳажми тегишлича секундига 50 ва 10 куб. метрни ташкил этиш керак.

Иккинчидан, юқорида қайд этилган ҳуқумат қарорига (1992 й. 17 апрель, 174-сон) 1999 йилнинг 30 апрель куни 202-сонли яна бир қарори билан ўзгартириш киритилган бўлиб, унда сувни муҳофаза қилиш зонасига киритилган ерлар, қирғоқ бўйи ерлари фуқароларнинг эгалигидан ва фойдаланишдан олиб қўйилмаслиги алоҳида қайд этилади. Кўринадики, «Чашма»нинг қирғоғида сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилишининг ўзи мумкин эмас. Мабодо, ўрнатилган тақдирдаям фуқаро ёки тадбиркорлик субъектлари фойдаланиб келаётган ер майдонларини олиб қўйиб бўлмайди.

Хуллас, унақасига олсаям-бунақасига олсаям «Чашма»нинг муҳофаза зонасини баҳона қилиб, шу дренаж-коллектор усти ва ёнида ҳалол меҳнати билан ризқ топаётган қоракўзларнинг боридан мосуво қилишга жиддий асослар кўринмаяпти. Мабодо, шу ер майдонлари давлат ва жамият эҳтиёжи учун керак бўлса, марҳамат – товонини (компенсация) тўлаб, олаверинг. Зеро, ҳеч ким «Чашма»нинг атрофини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани йўқ, ўз вақтида маҳаллий ҳокимлик тегишли қарори билан ер майдонларини бириктирилган, бино-иншоот қуриш ёки таъмирлаш учун эса рухсат бериб, муаммосиз давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: сув объектларини муҳофаза қилиш, улар атрофини ободонлаштириш-у санитария масалалари нима бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда мазкур масалалар тартибга солинган. Низом талабларига биноан суви хўжалик-ичимлик ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун ишлатиладиган каналлар бўйлаб, сувни муҳофаза қилиш зоналари белгиланади. «Чашма» коллектор-дренаж тармоғи канал эмас, колаверса, суви хўжалик-ичимлик ва даволаш-соғломлаштириш мақсадида ишлатилмайди. У оқава, сел ва ер ости сизот сувларини чиқаришга хизмат қилади, холос. Бундай объектга муттасил қаров, таъмир, санитария-гигена талабларига мувофиқ фаолият юритиши учун масъул керак, албатта. 2019 йилгача бундай юмушлар Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси зиммасида эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелидаги қарори билан Самарқанд шаҳри ҳудудидаги каналлар, коллекторлар (шулар қатори «Чашма» ҳам) Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан қадимий шаҳарнинг Ободонлаштириш бошқармасига ўтказилди. Шу муносабат билан Ободонлаштириш бошқармасида каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш бўйича ихтисослашган бўлим ташкил этилиб, унга тарморқларни тозалаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби вазифалар юклатилди. Бироқ ишлар ҳамон ташкилий босқичда нарига ўтмаган чоғи, бошқарма ҳозиргача «Чашма» бўйича на сувни муҳофаза қилиш зонаси борлиги, на соҳил бўйи минтақаси белгилангани, на лойиҳа қилингани ва на-да ер майдони сувдан фойдаланувчи ташкилотларга берилгани ҳақида аниқ хулоса тақдим эта олади?! Шунча мавҳумотларга қарамай, прокурор «амаллаб» протест ёзди, уни дастак қилган ҳоким 22 йил аввалги қарорни бекор қилди, қарабсизки, «дод» деб чиррилаётган тадбиркорлар сафи яна биттага кўпаймоқда...

Албатта, оҳ-воҳ қилган билан масала ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Салима Раҳматова Самарқанд шаҳар ҳокимининг 29.05. 2020 йилдаги 320-К-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, маъмурий судга мурожаат қилди. Пайариқ туман маъмурий суди ишни авра-астарини ағдариб кўргач, қарор чиқардики, аризачи ҳақ, ҳоким бува прокурор протестини қаноатлантиришда бироз шошибди, дея унинг юқорида кўрсатилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Бироқ маъмурий иш апелляция босқичида кўрилганда кутилмаганда вазият ўзгарди. Самарқанд вилоят маъмурий суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилди: шикоят рад этилсин.

Адолат қарор топдими?

Шу савол жавобини ўзингизга қолдириб, (жавоб топишга) ёрдам сифатида битта фактни қулоғингизга шивирлаб қўйсак: С. Раҳматова тегишли ва тақдири қил устида турган бино-иншоотларининг сал нарисида кўркамгина меҳмонхона қад ростламоқда. Унинг олдидан аҳамияти паст «Чашма» дренаж-коллектори эмас, нақ «Боғишамол» канали ўтган... Меҳмонхона қурилиши давом этаётганига қараганда унинг соҳибига нисбатан маҳаллий раҳбарлардан ортиқча эътироз йўқ шекилли?!

Айтганча, С. Раҳматова аллақачон Олий судга ариза берган...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг