Бухорода метан қуйиш шохобчалари давлатга жуда катта зарар етказган, 4 нафар шахс қамоққа олинди
Бухоро вилоят прокуратураси, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва «Ўзнефтгазинспекция» мутахассислари ҳамкорлигида вилоятдаги метан қуйиш шохобчалари ўрганилди.
Аниқланишича, «Д.А.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча ва «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли 1 та шохобчага келган табиий газ қувурларига ўрнатилган «Автопилот-ПРО» русумли газ ҳисоблаш ускуналари текширилганда, газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд имплюс трубкасига ўрнатилган тамғани газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик қилиш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа тамғага алмаштириб, имплюс трубкасини маҳкамлаб, газ ўтиш ҳаракати пасайиши натижасида ҳисоблагич диафрагмасидан ўтаётган газ ҳажмини сунъий равишда камайтирилган ҳолда кўрсатилишига эришган.
Бунинг оқибатида, «Д.А.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча томонидан 11,1 млрд. сўмлик ҳамда «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли шохобча томонидан 15,1 млрд. сўмлик жами 26,2 млрд. сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилиниб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-модда 1-қисми ҳамда «Д.А.» МЧЖ ва «О.Б.Г.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши доирасида 4 нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ўтказилмоқда.
Хабарга кўра, терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter