Фарғонада кучли таъсир қилувчи дори сотувчилар қўлга олинди

ДХХ ва божхона идоралари ҳамкорликда Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши бир нечта тезкор тадбир ўтказди.
Қўқон шаҳрида яшовчи, 1983 ва 1993 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки фуқаро шахсий бойлик орттириш мақсадида ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Қувасой шаҳри ҳудудидан ўтувчи қисмида аввалдан келишилган ҳолда, Қирғиз Республикаси фуқаросидан 8 000 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олишган.
Улар ушбу дори воситаларини келгусида сотиш мақсадида Қўқон шаҳрида ижарага олинган хонадонга олиб борган вақтларида ушланган.
Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда, маҳаллий адвокатлик бюроси адвокати ҳамда 1974 ва 1984 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, витамин дори воситалари кўринишида қадоқланган жами 4 400 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 180 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Таъкидланишича, юқоридаги уч нафар қонунбузар — муқаддам судланган шахслардир.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона-Қўқон йўналишида ҳаракатланаётган, 1983 й.т., муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан судланган шахс бошқарувидаги автомашина Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган.
Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автотранспорт воситасининг салон қисмида 100 дона «Тропикамид» ва 559 дона «Регапен» номли жами 110 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсга дориларни сотган — Фарғона туманида яшовчи, 1981 й.т. фуқаро Қўштепа туманида бошқа харидорга 1 400 дона «Регапен» кучли таъсир таъсир қилувчи дори воситаларини 2 800 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.
Худди шу йўналишда ҳаракатланаётган яна бир автомашина ҳам Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салонида Қўқон шаҳрида яшовчи, мукаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1981 й.т. шахсга тегишли умумий қиймати 75 млн сўмлик 250 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Таъкидланишича, барча ҳолатларда кучли таъсир қилувчи воситалар Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter