Ким кимни алдаяпти? Андижонда ажабтовур ишлар бўлгани айтилмоқда
Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашида ажабтовур ишлар бўлгани айтилмоқда.
Жорий йилнинг 29 июнь кунги Олтинчи чақириқ халқ депутатлари 309-К-сон қарори билан рўйхатга олинган Андижон шаҳар Кенгашининг олтинчи сессиясини чақириш тўғрисидаги қарорга мувофиқ кун тартибида 7 та масала кўрилганди.
Улар қуйидагилар иборат:
- Андижон шаҳар 2-сектор ҳудудидаги МФЙларида пандемия даврида олиб борилган ишлар тўғрисида шаҳар прокурори Қ.Асқаровнинг ахбороти;
- Андижон вилоят Маданий мерос объектларини сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4030 сонли Қарори ижроси юзасидан олиб борилган ишлар;
- Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Андижон шаҳар Чўлпон шоҳ кўчаси 12, 124-сонли кўп квартирали турар-жой бино-иншоотлари жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида;
- шаҳар ҳокимининг 2020 йил 3 апрелдаги 176-Қ сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида;
- шаҳар ҳокимининг 2020 йил 25 майдаги 244-Қ сонли қарорини тасдиқлаш тўғрисида;
- шаҳар ҳокимининг 2020 йил 26 майдаги 246-Қ сонли қарорини тасдиқлаш тўғрисида;
- шаҳар ҳокимининг 2020 йил 17 июндаги 286-Қ сонли қарорни тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар.
Мазкур масалалар, табиийки, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, кўриб чиқилган.
Аммо... бир муддат вақт ўтганидан сўнг маълум бўлишича, мутасаддилар томонидан Кенгашда мутлақо кўрилмаган қатор масалалар Олтинчи сессия қарори билан тасдиқланибди, гўё...
Энди «кўрилган» дея ҳисобланиб, қарорга қўшилган масалалар билан танишсак:
- Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил I ярим йиллиги давомида олиб борган фаолияти бўйича ахбороти тўғрисида;
- «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 1-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқароларнинг йиғинларида амалга оширилган ишлар таҳлили тўғрисида;
- «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 3-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилган ишлар таҳлили тўғрисида;
- «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 4-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилган ишлар таҳлили тўғрисида;
- Андижон шаҳридан «Фахрий мураббий» орденига муносиб номзодларни тақдим этиш танлов комиссияси таркиби ва комиссиянинг асосий вазифаларини тасдиқлаш тўғрисида;
- Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг «Саховат ва кўмак» жамғармасига тушган маблағларни сарфлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди деб, Кенгаш муҳри билан тасдиқланган.
Шу ўринда эътиборингизни муҳокамага қўйилган биргина қарорнинг таҳлилига қаратмоқчиман, деб ёзади маҳалли кенгаш депутатларидан бири. Кенгашда Андижон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 17 июндаги 286-Қ-сонли «Гафуров Захриддин Шамсиддиновични Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасидан озод этиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланяпти. Бироқ, худди шу кунги сессия қарори билан «Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг «Саховат ва кўмак» жамғармасига тушган маблағларни сарфлаш тўғрисида»ги қарорида (5-банд) унинг ижро этилишини назорат қилиш... ҳокимнинг аввалги қарори билан «ишдан бўшатилган» Андижон шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи З.Гафуровга (!) юклатиляпти?!
Ўз ўрнида савол туғилади: лавозимдан бўшатилган инсонга нега яна вазифа юклатиляпти? Ёки ушбу собиқ мутасаддининг ваколат доираси хизмат вазифасидан озод этилганидан сўнг ҳам амал қилаверадими?
Ижро ҳокимияти ва бошқаруви органларига қонунларимиз шарт эмаслигига ҳам ўрганиб қоляпмиз, бироқ, иқтисодий судга сохта қарорни чиқартиришга не зарурат бор?
Биз шунчаки хулоса қилмаяпмиз. Фақатгина арқонни узу-ун ташлаб, натижани кутяпмиз холос, дейди маҳаллий депутат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter