Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мансабдорлар рус ўқитувчилари баҳонасида катта миқдорда пул ўзлаштиришди

Мансабдорлар рус ўқитувчилари баҳонасида катта миқдорда пул ўзлаштиришди

Фото: Xabar.uz

А.Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдор шахсларининг катта миқдорда пул ўзлаштиришгани аниқланди.

Қайд этилишича, институт томонидан вазирликнинг «Зўр» («Класс») лойиҳаси доирасида 2021-2022 ўқув йилларида ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун 150 нафар россиялик мутахассиснинг ташрифи кўзда тутилган ҳамда уларнинг уй ижараси учун «Araks Trade Business» МЧЖ билан 8 млрд 473,4 млн сўмлик шартнома имзоланган. Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Маълум қилинишича, «Araks Trade Business» МЧЖнинг 2013-2021 йиллардаги таъсисчиси К.Ф. бўлиб, у 2018 йил буён Педагогларнинг касбий ривожлантириш  ва янги методикаларга ўргатиш бўйича миллий тадқиқот институтида ўқув-методик ишлар бўйича проректор лавозимида ишлайди.

Шартномага мувофиқ, 149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақиқатда сарфланган маблағлардан келиб чиқиб, институт томонидан ҳаражат қилинган сумма 4 млрд. 858 млн сўмни ташкил этган. Бироқ 2021 йил сентябрь — 2022 йил июнь ойларида Россия Федерациясидан амалда келмаган 31 нафар ўқитувчига 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569.4 млн сўм ортиқча тўланган. Шунингдек, уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун 4 млрд 858 млн сўм тўланиши лозим бўлса-да, институт томонидан 7 млрд 052 млн сўм маблағ ўтказиб берилиши ҳисобига «Araks Trade Business» МЧЖга 2 млрд 194,2 млн сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган ва бу маблағ кейинчалик ўзлаштирилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Институт ва «Araks Trade Business» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» билан жиноят иши қўзғатилган ва  Олмазор туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. 

Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари кечмоқда, дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарида.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг