Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Наманганда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Наманган вилоятида 2026 йилнинг ўтган даврида акциз маркаларисиз олиб кирилган қиймати 2,8 миллиард сўмликдан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши чоралар кўрилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ўтказган давра суҳбатида маълум қилинди.

Маълум бўлишича, ҳисобот даврида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 46 та ҳолат аниқланган. Уларда умумий қиймати 2 млрд 832 млн сўмлик 230 351 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳуқуқбузарликларнинг 32 таси Ўзбекистон чегарасидан ўтиш вақтида (140 948 қути), 14 таси эса вилоят ички ҳудудида (89 403 қути) қайд этилган. Ушбу ҳолатлар бўйича 12 та жиноят иши қўзғатилиб, 31 та маъмурий иш судларга юборилган, яна 3 та ҳолат юзасидан текширув давом этмоқда.

Хусусан, қўшни давлатларда 5–8 минг сўм атрофида турадиган маҳсулотларнинг Ўзбекистонда 13–15 минг сўмдан сотилиши ноқонуний оқим сақланиб қолишига асосий сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Тезкор тадбирлар давомида йирик қонунбузарликлар ҳам фош этилган. Масалан, март ойида ўтказилган рейдларда Наманган шаҳрида Ласетти машинасидан ҳужжатлаштирилмаган 10,5 минг қути, шунингдек, Чуст тумани чегарасида айланма йўллар орқали олиб ўтилаётган 30 минг қути тамаки маҳсулоти ушлаб қолинган.

Давра суҳбати доирасида, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи бўйича вазиятга оид маълумотлар ҳам тақдим этилди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқоти маълумотларига кўра, Фарғона водийсида бу кўрсаткич 16,5 фоизни, Наманаган шаҳрида эса 28,5 фоизни ташкил этади.

Ноқонуний тамаки маҳсулотлари асосан қўшни Қирғизистондан чегаранинг заиф ҳудудлари орқали кириб келиши ва Фарғона водийси, шунингдек, Янгиқўрғон, Чортоқ ва Уйчи туманларидаги ноқонуний савдо каналлари орқали тарқатилиши таъкидланди.

Шунингдек, контрабандага қарши курашда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ноқонуний савдо занжирининг турли босқичларига таъсир қилувчи механизмларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Тадбир якунида мусодара қилинган контрабанда тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Бошқарма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирларини давом эттирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг