«Дори-дармон васвасаси». Нархларнинг оширилиши ва оқибатлари ҳақида
Сўнгги вақтларда республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида аҳолининг вируслардан ҳимояланиш, иммунитетни ошириш ва бошқа мақсадларга мўлжалланган дори воситаларига бўлган талаби ортган. Ўз навбатида, бу шароитда аҳоли талаби ортган препаратларнинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқариш ва нархларни кескин ошириш ҳолатлари юзага келиб, бу истеъмолчиларнинг ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бугун дори-дармонлар нарх-навоси устидан назорат, уларни асоссиз оширганлик учун жавобгарлик, бу борада агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг бошқарма бошлиғи Павел Магай билан суҳбатлашди.
— Айтинг-чи, дори воситалари нархи қандай шакллантирилади?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2647-сонли қарорига мувофиқ, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш — уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.
— Демак, дори воситаларига қатъий чекланган нарх эмас, балки савдо устамалари белгиланган. Ушбу устамаларнинг тўғри қўлланилиши ким томонидан назорат қилинади?
— Дори воситалари ва тиббиёт буюмлар учун нархларни шакллантиришнинг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилиш, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш ваколатли давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади. Булар, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги.
— Белгиланган савдо устамаларига риоя қилмаганлик қандай оқибатларга олиб келади?
— Мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) лицензия талаблари ва шартлари, шу жумладан, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби, рецепт асосида бериладиган ҳамда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибининг бузилиши, товарларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш — лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳолати ҳисобланади ҳамда бу фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Шу билан бирга, расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш, товарлар реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш, реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш — солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади ҳамда яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддаси).
— Сўнгги вақтларда айрим дори воситаларини, мисол учун, Арбидол, Эргоферон ва шунга ўхшаш дори воситаларини ёки уларнинг қалбакилаштирилган нусхаларини дорихонадан ташқарида, турли ахборот алмашиш усулларидан фойдаланган ҳолда қиммат нархларда сотилиши ҳолатлари йўқ эмас. Ушбу ҳаракатлар учун қандай жавобгарликлар белгиланган?
— Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддасига асосан, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун — мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 1863-моддасига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
— Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан дори воситалари нархининг ошиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Агентлик томонидан республика ҳудудлари бўйича мутасадди идоралар вакилларидан иборат тузилган ишчи гуруҳлар билан биргаликда дорихоналарда тушунтириш ва профилактика ишлари амалга оширилиб, дорихона раҳбар ва ходимларига дори воситалари учун белгиланган савдо устамаларига, уларни чакана реализация қилиш ва савдо қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда уларга амал қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида тегишли тушунтириш ва расмий огохлантириш хатлари берилмоқда.
Шу билан бирга, ҳамкор идоралар томонидан тақдим этилган материаллар ва истеъмолчиларнинг мурожаатларига асосан ўтказилган ўрганиш натижасида аниқланган нархларни шакллантириш тартибига риоя қилмаганлик ҳолати бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
— Суҳбатимиз сўнгида истеъмолчилар ва дорихона масъулларига қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
— Албатта, ҳурматли истеъмолчиларимиздан дори воситаларини харид қилиш ва уларни истеъмол қилишда шифокор маслаҳати ва дори воситасининг қўллаш йўриқномасига амал қилиш, айниқса, хавфли вирусли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган даволаш стандартларига, шифокор кўрсатмасига қатъий риоя этишларини сўрайман.
Шунингдек, дори воситаларини фақатгина дорихоналардан сотиб олиш, харид пайтида сотувчидан касса чеки, дорилар номи ва нархи ёзилган товар чеки берилишини талаб қилиш ҳамда уларни бутун даволаниш даврида сақлаб қўйиш лозим.
Фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига, лицензия талаблари ва шартларига ҳамда солиқ қонунчилигига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter