Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олти йил аввал «айбига иқрор бўлган» ЖҚБ тезкор вакили оқланди

Олти йил аввал «айбига иқрор бўлган» ЖҚБ тезкор вакили оқланди

Фото: Xabar.uz

Роппа-роса олти йил бурун, 2014 йилнинг 9 январида Самарқанд шаҳар ИИБ Жиноят-қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими тезкор вакили Фарруҳ Зоҳидов саккиз йил муддатга озодликка маҳрум қилинганди. Кейинроқ ҳукм юқори босқич судларида бир неча бор кўрилиб, айбловлар қайта малакаланди, шунга монанд тайинланган жазо ўзгартирилди. Аммо, ҳукмнинг «лаб-лунжи» тўғрилангани билан айблов моҳияти ўзгармади: Ф.Зоҳидовга тикалган асосий қилмиш – пора олиш жинояти ўшандоғича қолаверди...

Фарруҳ Зоҳидов (ҳамкасби билан) Самарқанд шаҳридаги ресторанлардан бирининг эгасини ИИБга чақириб, аввалига қўлига кишан солиб қўрқитишгач («ҳозирнинг ўзида 15 суткага «тиқиб» қўяман!»), сўнг гўёки муроса келиб, унинг кейинги фаолиятига «крыша»лик қилишларини айтиб, ундан 500 АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланганди.

Тергов ҳужжатларига кўра, воқелик 2013 йилнинг сентябрь ойида юз берган, бироқ жиноят орадан бир неча ой ўтгачгина фош этилгани зикр этилади. Демак, айбдорлар нақ жиноят устида қўлга тушмаган, ашёвий далил ўзи йўқ. Шунга қарамай, тадбиркорнинг аризаси-ю судланувчиларнинг «иқрорномаси»га таяниб, масала ҳал этилаверилган!

Судланувчилар ҳибс пайтидаги руҳий ва жисмоний қийноқлар натижасида йўқ айбига иқрор бўлишга мажбур бўлишгани, тадбиркор эса айнан Ф.Зоҳидов билан ҳеч қандай олди-берди қилмаганини судда неча бор айтмасин – инобатга олинмади. Аксинча, уларнинг шу мазмундаги кўрсатмалари жазодан қутилиб қолиш учун ўйлаб топилган важ сифатида баҳоланди.

Яқин ўтмишда бундай манзаралар одатий ҳолга айланаёзганди: фуқаро ушланади, сўнг қонундан «йўл топиб», ҳибс этилади ва айбига «иқрор қилдирилгач», узоқ йилга «кесиб» юборилади.

Шу тариқа катта жиноят фош этилади гўё, бу жараёнда алоҳида хизмат кўрсатганлар унвон-у мартабалар ила сийланганини айтинг...

Таассуфки, бундай жирканч амалиёт қурбонлари оз эмас.

Бугун, замон ўзгаргач, ўз номини оқлашга уриниб, муродига етаётганлар сони кам эмас. Шунингдек, вақтида адоқсиз азобларга гирифтор этилиб, амаллаб жазони ўтагач, «қутилганимга шукр» деб, ҳаммасига қўл силтаганлар ҳам оз бўлмаса керак.

Фарруҳ Зоҳидов олти йил давомида ёзаверди, ёзаверди...

Мана, натижа: куни кеча унинг ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси Ф.Зоҳидовни ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 206-моддаси 2-қисми «в» банди ва 210-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топиб, оқлади.

Судлов ҳайъатига раислик қилган судья Баҳодир Алиқуловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ф.Зоҳидовнинг дастлабки терговда, яъниким, ҳибсдаги вақтда айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари (уни айблашга асос бўлган) бирор-бир объектив далил йўқ. Қонун эса белгиланган тартибда айби исботланган фуқаронинг ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгарликка тортишни талаб қилади. Такрор айтадиган бўлсак, судланувчи айбига иқрор бўлсин-бўлмасин, айби объектив далиллар билан исботланмабдими, демак, уни жавобгарликка тортиб бўлмайди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг