Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўқиб кўринг, қўрқинчли нарса-ку бу!» — таниқли иқтисодчи муҳим масалага эътибор қаратди

«Ўқиб кўринг, қўрқинчли нарса-ку бу!» — таниқли иқтисодчи муҳим масалага эътибор қаратди

Фото: Xabar.uz

АҚШда фаолият юритаётган таниқли иқтисодчи, профессор Ботир Қобилов жамиятда жинсий зўравонликнинг бир тури — шилқимлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилди. 

Бир неча куни олдин Kun.uz нашри Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 28 ёшли шахс айни шу ҳуқуқбузарлик сабаб жазога тортилгани ҳақида хабар берганди.

Маълум бўлишича, 1997 йилда туғилган М.М. Шайхонтоҳур тумани Хадра маҳалласидаги хонадонини ёш оилага ижарага берган. У 2025 йил 8 ноябр куни соат 10:00 ларда оила бошлиғи ишда эканини билган ҳолда сув ҳисоблагичнинг кўрсаткичларини кўриш баҳонасида хонадонга борган. Уйга кириб, аёлга шилқимлик қилган. Ижарачи келин қўлига пичоқ олган ҳолда иффатини ҳимоя қилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2025 йил 26 ноябрдаги қарори билан М.М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Иқтисодчи Ботир Қобиловнинг фикрича, 5 суткалик жазо жуда ҳам кам ҳисобланади.

«Бундай ишлар учун 5 сутка жуда ва жуда кам деб ўйлайман. Аслида, жазога ҳам ўхшамайди, “самосуд”нинг олдини олиш учун жиноятчи 5 кун ҳимояга олингандек. Наҳотки Ўзбекистонда жинсий зўравонликнинг бундай тури жиддий жазоланмайди деб ўйлаб қолдим ва тўғриси, қўрқиб кетдим... Уй-жой масаласи ҳақида гапирамиз, лекин ижарада турган ва яқинда турмушга чиққан аёлнинг эри ишга кетганда биттаси уйига алдаб ва бостириб кириб куч ишлатиб, бир жойидан ушлаб жинсий алоқа қилмоқчи бўлгани, ўпмоқчи бўлгани ва аёл пичоқ билан ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлгани ва натижада жиноятчи маъмурий кодекс билан 5 суткага қамалгани мени хавотирга солмоқда. Ўқиб кўринг, қўрқинчли нарса-ку бу», — деб ёзди Б.Қобилов Telegramдаги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, жинсий тегажоқлик қонун билан шафқатсиз жазоланиши керак.

«Нафсини, бошқа жойини тия олмаса улар қамоқда узоқ муддат ўтириши керак, 5 кун 3 маҳал овқатланиб чиқмасдан. Бир тийинга қиммат уларнинг телевизор олдидаги узрлари ва уялишлари. Қонун ва жазо шундай бўлиши керакки, потенциал жиноятчилар ўзларини тийишлари, жиноятларнинг эса олди олиниши керак. Акс ҳолда, жорий жазолар потенциал жинсий жиноятчилар учун ўта юмшоқ сигнал юбормоқда. Қанча аёл-қизлар жинсий тегинишларга, зўравонликларга дуч келишади, буни Худо билади. Жамоат транспортида ҳам, ўз уйида ҳам, кўчада ва ишда ҳам ва умуман исталган жойда аёл-қизларимиз ўзларини ўта хавфсиз ҳис қилишлари керак. Хавфсизлик — давлатнинг биринчи вазифаси», — деб таъкидлайди Ботир Қобилов.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда шилқимлик, жинсий тегажоғлик каби ҳуқуқбузарликлар кўпаяётгани, ушбу хатти-ҳаракатни содир этганлар аксар ҳолларда енгил жазо билан қутулаётгани айтиб келинади.

Аввал хабар берганимиздек, бир неча ой аввал Марғилон шаҳридаги маҳаллалардан бирининг раиси бўлган эркак ёш қизга шаҳвоний шилқимлик қилгани ортидан 4 суткага қамалганди.

Олдинроқ Тошкент шаҳрида 9 ёшли қизга тегажоғлик қилган кондукторга 5 сутка маъмурий қамоқ тайинланганди.

Очиқ ахборот манбаларига қараганда, Ўзбекистонда 2025 йилнинг 8 ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси асосида (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1 450 нафар шахс судланган. Уларнинг 969 нафарига қамоқ, 481 нафарига эса жарима жазоси тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг