Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашни кучайтиради
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимга ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённомани (Тошкент, 2022 йил 1 июнь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Бўлиб ўтган муҳокамаларда Ўзбекистон Республикасида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга, оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бироқ амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришга боғлиқ. Шу боис Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқда.
Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи бугунги кунда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ва молиявий жараёнларнинг шаффофлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ва стандартларни ишлаб чиқиш соҳасидаги етакчи ташкилотлардан бири экани қайд этилди.
Сенаторлар кўриб чиқилган ҳужжат Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи фаолиятини янада ривожлантиришни, шунингдек, асосий вазифаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутишини таъкидладилар.
Оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш Евросиё гуруҳи фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Қонун билан Евросиё гуруҳи раиси лавозимига қўшимча талаблар белгилаш ва унинг котибияти ваколатларини аниқлаштириш назарда тутилмоқда. Евросиё гуруҳи бюджетининг талаблари ва шартларига, яъни аъзо давлатларнинг улушига, харажатларни тақсимлаш ва бошқа молиявий масалаларга аниқлик киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга, терроризмга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter