Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда инвестицияга оид низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий механизми тўла таъминланмаган

Ўзбекистонда инвестицияга оид низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий механизми тўла таъминланмаган

Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция оқимининг кўпайиши ўз навбатида инвестицион низоларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда. Биргина иқтисодий судларда 2017 йилда инвестиция фаолияти билан боғлиқ 576 та, 2018 йилда 609, 2019 йилда 647 та низолар ҳал этилган. Бироқ, соҳада мавжуд камчиликлар мамлакатимизда чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш имконини бермаяпти.

Мамлакатимизда вужудга келган инвестицион низоларни ҳал қилишнинг, шунингдек, ҳуқуқлари бузилган инвесторларнинг ҳуқуқларини тиклаш борасидаги самарали механизм таъминланмаган, бундан ташқари ушбу жараёнларни шаффоф ва очиқ амалга оширилмоқда, деб айтиб ҳам бўлмайди.

Германияда яшовчи, асли афғонистонлик Исмоил Сафо Ўзбекистонда фирибгарлик қурбони бўлган — ундан алдов йўли билан 80 минг долларини ўзлаштирганлар устидан жиноят иши қўзғатилганига бир йилдан ошган, бу орада беш марта терговчи алмашган, жиноят ишига алоқадор бошқа шахслар нима учундир терговга жалб қилинмаган, Чилонзор туманлараро иқтисодий суди «Regent Corp» МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорини бекор қилиш бўйича даъво аризасини қаноатлантиришни рад этганлиги ҳолатлари фикримизнинг исботидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида коррупцион ҳолатларга йўл қўйилиши хорижий инвестицияларни жалб этишдаги салбий омиллардан бири ҳисобланади. Инвесторлар коррупция, маҳаллийчилик ва тўрачилик илдиз отган мамлакатларга сармоя киритишни хоҳлашмайди, чунки бундай ҳолатда вазиятни аввалдан бир неча йилга прогноз қилиб бўлмайди, қолаверса, бу каби давлатларда бизнес юритишга кўп харажат талаб этилади.

Инвестицион фаолиятни амалга оширишнинг ҳар қандай босқичида инвестицион низолар вужудга келиши мумкин. Бундай низолар адолатли ва қонуний жиҳатдан ҳал қилиниши кафолати жуда муҳим ҳисобланади.

Инвестициявий низоларни кўриб чиқишнинг халқаро механизми

«Инвесторнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Москва Конвенциясининг 11-моддасига кўра, инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган низолар низода иштирок этаётган давлатларнинг судлари ёки арбитраж судлари, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилади.

1965 йил 18 мартда имзоланган «Давлатлар ва чет эллик шахслар ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги Конвенцияга мувофиқ, Инвестиция низоларини ҳал қилувчи Халқаро Марказ (International Centre for Settlement of Investment Disputes - ICSID) ташкил этилди.

Ушбу инвестициявий низоларга ихтисослашган халқаро арбитражнинг юрисдикцияси қабул қилинган протоколлар билан янада кенгайди. Бунда марказ нафақат инвестиция билан боғлиқ низоларни, балки тижорат битимлари билан боғлиқ айрим низоларни ҳам кўриб чиқиши мумкинлиги белгиланди.

Инвестицион низоларни кўриб чиқиш борасидаги миллий қонунчилигимиз

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.

Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг 2011 йил 1 февралдаги қарорига асосан Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди ташкил қилинган ва 2011 йил 15 февралда адлия органида ҳисоб рўйхатидан ўтказилган.

«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 63-моддасига кўра, чет эл инвестициялари билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириши чоғида юзага келадиган низо (инвестициявий низо) музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади. Агар инвестициявий низонинг тарафлари музокаралар ўтказиш йўли билан низони келишилган ҳолда ҳал этишга эришишга қодир бўлмаса, бундай низо медиация йўли билан тартибга солиниши керак.

Музокаралар ўтказиш ва медиация йўли билан тартибга солинмаган инвестициявий низо Ўзбекистон Республикасининг тегишли суди томонидан ҳал қилиниши лозим.

Инвестициявий низоларни юқорида назарда тутилган тартибда ҳал қилиш мумкин бўлмаган тақдирда, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ва (ёки) инвестор ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида тузилган шартномада тегишли ва ҳақиқий арбитраж шарти назарда тутилган бўлса, бундай низо халқаро арбитраж воситасида ҳал этилиши мумкин.

Фақат Ўзбекистон Республикасининг имзоланган ва амалдаги халқаро шартномалари ва (ёки) инвестор ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида халқаро арбитражга мурожаат қилиш пайтида тузилган шартнома доирасидаги ёзма розилик Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий низони арбитраж йўли билан ҳал этишга бўлган розилиги ҳисобланади.

Юқори модданинг сўнгги бандига кўра, агар низолашаётган инвесторнинг давлати ва Ўзбекистон ўртасида халқаро шартнома имзоланмаган бўлса, низо маҳаллий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Бундан ташқари инвестор низо маҳаллий суд томонидан кўриб чиқилгандагина арбитраж судига мурожаат этиши мумкин.

Назаримизда, ёзма розилик ҳақидаги ушбу норма 2006 йилги Нюмонт-Майнинг компанияси ва Ўзбекистон ўртасида вужудга келган низо сабабли киритилган ва ушбу модда инвестицион низоларни халқаро арбитражларда кўриб чиқишини чеклайди.

Аксинча, инвесторларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш мақсадида маҳаллий судлардан кўра, арбитраж судларига эътиборни кучайтириш лозим. Чунки, инвесторлар маҳаллий судларга ишонч билдиришмайди. Бунинг сабаблари қуйидагича:

1) чет эллик инвестор ҳар доим маҳаллий судларга нисбатан шубҳа билан қараган, чунки ҳар қандай маҳаллий суд ўз давлати манфаатини ҳимоя қилади деган қараш мавжуд;

2) маҳаллий судьялар маҳаллий қонунчилик бўйича мутахассис бўлсаларда, халқаро ҳуқуқ ва хорижий давлатлар қонунчилиги ҳақида маълумотларга эга эмаслар, арбитраж судлари эса томонларга маълум бир ҳуқуқ соҳаси бўйича мутахассис бўлган судяни танлаш имкониятини беради;

3) маҳаллий судларда низоларни кўриб чиқиш жуда узоқ муддат, баъзида йиллар давомида чўзилиши мумкин, арбитраж судларида эса бу жараён тезроқ якунланади;

4) арбитраж судлари маҳаллий судлардан фарқли равишда томонларнинг конфиденциаллигини таъминлайди.

Бундан ташқари, маҳаллий судларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик етарлича таъминланмаган.

Арбитраж судларида кўрилаётган ишлар ҳақида пресс-релизлар чоп этилади ва арбитраж судларининг расмий сайтларига жойланади. Унда кўрилган иш ҳақидаги барча маълумотлар берилади. Масалан, 2019 йил ноябр ойида Гаагада кўрилиши бошланган «Лугзор» МЧЖ ва Россия Федерация ўртасидаги арбитраж иши бўйича ҳар бир суд мажлисининг пресс-релизи тақдим этиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг расмий веб-сайтида кўрилган ишлар ҳақида маълумот бўлса-да, улар тўлиқ эмас, шунингдек, улар орасида инвестицион низолар билан боғлиқ ишлар деярли йўқ.

Инвесторларнинг маҳаллий судларга бўлган ишончини ошириш мақсадида маҳаллий судлар фаолиятида ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик принципларига риоя этилишини таъминлаш, кўрилган ишлар бўйича тафсилотларни тизимли эълон қилиб бориш лозим.

Мамлакатимизда инвесторларнинг низоларни кўриб чиқиш жараёнида коррупцион ҳолатлардан хавотирда эканлиги инвестицион муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Инвесторларда мамлакатимиз давлат бошқаруви органларига ва судларга нисбатан ишончни уйғотиш учун бевосита инвесторлар билан фаолият кўрсатувчи органларда ва судларда коррупция ҳолатларининг камайганлигини тасдиқловчи ишлар амалга оширилиши лозим. 2020 йилда вазирлик ва идоралар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, сўнгра Давлат активларини бошқариш агентлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ISО 37001:2016 стандарти «Коррупцияга қарши бошқарув тизими» сертификатини қўлга киритди.

Қайд этиш жоизки, ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали ташкилот инвесторлар, тадбиркорлар, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор томонларга жараёнларни шаффоф, қонуний ва жаҳоннинг илғор тажрибаларига мос равишда ўтказишни юқори даражада намойиш этиши мумкин.

Бу каби амалиётни бошқа идора ва ташкилотларга, айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва судларга ҳам жорий этиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, инвестицион низоларни кўриб чиқишда арбитраж судларининг ролини ошириш лозим, чунки инвесторлар маҳаллий судлардан кўра арбитраж судларига кўпроқ ишонч билдиришади. Инвесторларнинг арбитраж судларига мурожаат қилиш ҳуқуқини чекловчи нормалар (ёзма розилик, маҳаллий судларда кўрилиш шарти каби) ўзгартириш киритилиши мақсадга мувофиқ.

Инвесторлар билан тўғридан-тўғри алоқага киришадиган органларда, инвестицион низоларни кўришда коррупция ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш ва бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилиши лозим.

С.Ахмадова,
Тошкент давлат юридик университети магистри

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг