Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прокурорнинг уйидаги ҳашарчиларга нега давлат пул тўлаши керак? — Баҳром Абдуҳалимов

Прокурорнинг уйидаги ҳашарчиларга нега давлат пул тўлаши керак? — Баҳром Абдуҳалимов

Фото: Адолат

Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа туман прокурори Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ноқонуний равишда ўз уйида ишлатганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди.

Ушбу ҳолатга «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз муносабатини билдирди.

«Ҳар қандай қонуннинг ижроси кўп жиҳатдан қонун ҳимоячиларига боғлиқ. Агар қонун ҳимоячиларининг ўзи унга зид равишда иш тутсачи?

Кўрсатилишича, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари иш вақтида прокурорнинг ҳовлисида «ўз ихтиёри» билан ишлаган, уларга ажратилган иш ҳақи давлат корхонаси ҳисобидан тўланган. Жаноб прокурор мард бўлиб ўзгалар меҳнатидан фойдаланибди, иш ҳақини ҳам бюджетдан эмас ўз ҳисобидан тўласинда эди.

Кўпчилик коррупция деганда порахўрлик, ноқонуний пул олди-бердисини тушунади. Лекин бу иллат шохдор бўлиб, мансабини суистеъмол қилишнинг ҳар қандай тури коррупцияга мисол бўла олади. Қўрғонтепадаги мазкур ҳолат ҳам коррупциянинг ўзгинасидир.

Мазкур вазиятда коррупцион ҳолатга «ҳашар» ниқоби кийгизилиб, икки карра жиноятга қўл урилмоқда (коррупция ва ёлғон). Ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг ҳам иш вақти ва қуввати чегараланган. Қанийди прокурорнинг уйига сарфлаган вақт ва меҳнатларини юртимизнинг бирор маскани чирой очишига бағишлай олганларида...

Қонун барчага баробар. Шундай экан уни ҳимоячилари ҳам бунга амал қилишга мажбур.

Шу ўринда ободонлаштириш бошқармаси раҳбарларига ҳам эътироз бор. Нега улар ўз ходимлари ҳуқуқини ҳимоя қилиб, меҳнатларидан мақсадли фойдалана олмаяпти? Бундай илтимос (тўғрироғи топшириқ) билан чиққан прокурорга нега рад жавобини беролмайди? Тили қисиқ жойи борми? Хатолари фош бўлишидан қўрқадими? Ходимлар-ку, бир содда, оддий одамлар, аммо раҳбар прокуратурага қарам ташкилот эмаслигини англаб, ўз сўзини айта олиши керак эди-ку. Бундай лаганбардорликлар қачон барҳам топади?», деб ёзади партия раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг