«Рекорд»га қанча қолди? (Фарғона вилояти прокуратурасидан тескари репортаж)
Аввалига истиҳоламизни изҳор этсак.
Бир неча ой аввал сайтимизда «Жиноят бор-у жиноятчи йўқ... Ёки «Фарғонача беркинмачоқ» сарлавҳали мақола эълон қилиб, маҳаллий тадбиркор ҳимояси учун уч-тўрт оғиз гап айтиш асносида вилоят прокуратурасига билиб-билмай кесак отиб қўйгандик. Тўғри, амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Каллани мўлжаллаб отилган кесак саллани чувалатишгаям ярамади, рости. Бунинг сир-синоати ҳақида бош қотириб, ниҳоят, амин бўлдикки, Фарғона вилояти прокуратураси ноёб рекорд сари дадил одимлаётган экан.
Қандай рекорд?
Биласиз, йўқ айбловлар билан жиноят ишлари қўзғатиб, айбсизларни қамаш бўйича рекордлар қалашиб ётибди. Минг ҳаракат қилинмасин, бундан бу ёғига бунақа ишларни дўндириб тилга тушиш қийин энди. Буни теран англаган фарғоналик мутасаддилар йўқ айбловдан жиноят ясаш эмас, аксинча — нақд жиноят бўйича айбдорни топмаслик, тополмаслик устида ишлаб, тергов тарихида янги саҳифа очишга бел боғлаган кўринади.
Албатта, очилган «дело»ни ёпавериш учун отнинг калласидек юрак, осмонга устун бўлгулик тиргак керак. Журъат масаласида муаммо йўқлигини айтдик. Аммо тиргак масаласида ҳар қанча ёзғириш мумкин. Тажриба объекти сифатида танланган бешариқлик тадбиркор Равшанжон Розиқовни-ку, тушунса бўлади: тўрт йиллик сарсон-саргардонликдан алами чандон зиёдаки, айбдорлар топилиб, жазоланишини хоҳлайди. Бу ёқда биз ҳам тинч турганимиз йўқ. Камига Бош прокуратура ҳам вилоят прокуратурасини қўллаб-қувватлаш ўрнига, йўлига тўғаноқ бўлаётганига нима дейсиз?! Шунга қарамай вилоят прокуратураси ходимлари аҳдида собит! Чунки, янгилик йўлидаги ҳар бир синов бебаҳо тажриба вазифасини бажаради. Қолаверса, ҳеч бир янгилик амалиётга силлиқ жорий бўлган эмас. Риёзатсиз саодат борми, оҳей?! Дейдиларким, жон куйдирмасанг — жонона қайда, хотин олмасанг — қайнона қайда?! Шу маънода танлаган йўли, кўзлаган манзили сари мардонавор одимлаётганларни иссиқ кунда муздек қимиз билан сийлашни сўраб, порталга мурожаат қилмоқ ҳам керакдай...
Майли, булар энди келажакдаги ишлар, биз баёндан чалғимайлик.
Масала моҳиятини англатсак. Бешариқлик Равшанжон Розиқов бир пайтлар банкдан қарз олиб, вақтида қайтаролмагани боис гаровдаги мулклари қулоғини ушлаб кетадиган бўлди. Тегишли суд ҳужжати чиқиб, Бешариқ тумани суд ижрочилари (эндиликда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ходимлари) мулкларни сотувга қўйиш жараёнида бироз ҳаяжонланганми ёки бошқа омил таъсириданми, ишқилиб, тадбиркорнинг гаровдаги мулкларига қўшиб, гаровда бўлмаганларини ҳам далолатномага тиркаб юборишади. Бу ҳолат фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судида қийинчилик билан эътироф этилиб, хусусий ажрим чиқариладики, бунда жиноят аломати бордай, жаноб прокурор, сўраб-суриштириб аниқланг-чи, бировнинг мулкни туя қилганлар ким экан?
Ҳаммаси шундай кейин бошланди.
Аввалига Бешариқ туман прокуратураси терговга қадар суриштирув ўтказиб, гўёки жиноят аломатларини топмади. Фарғона вилоят прокуратураси дастлаб туман прокурорининг бу хулосасига қўшилмади: жиноят белгилари йўқ деб, бекорларни бешгинасини айтибсиз, жиноят ҳиди анқиб турибди-ку, баски, бошқатдан, яхшилаб ўрганинг, акаси кўзидан...
Шу тариқа жичча пачағи чиқарилиб Бешариққа қайтарилган «дело»ни туман прокуратураси бир тепиб, туман ички ишлар бўлимига оширди: сизларам бир қаранглар-чи, наҳот жиноят аломатлари бўлса?!
Бешариқ туман ИИБ терговчиси ишни яхшигина эзғилади: суд-хатшунослик экспертизаси тайинлаб, экспертларнинг далолатномадаги имзолар қалбаки экани ҳақидаги шаҳодатини олгач, Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми (ҳужжатларни сохталаштириш) билан ростмана жиноят иши қўзғатди. Ва... у ёғига ҳафсаласи етмади, чоғи: тайёр очилган ишни ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан (ҳеч кимнинг қилмишида жиноят таркиби йўқ) ёпиб қўяқолди.
Тадбиркорнинг шикоятидан сўнг «дело» яна вилоят прокуратурасига чақирилди, ўрганилди, қаралдики, ИИБ терговчисиям шошибди. Унинг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорини бекор қилар экан, «иш»ни бошқа модда билан малакалаб ҳам берди: ҳолат ЖКнинг 228-моддасидан кўра, 205-(мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-(мансаб сохтакорлиги) моддаларига кўпроқ тортади. Чунки, далолатномаги имзоларни четдан биров келиб сохталаштирмагани аниқ, бундай «ижод» тор доирада бўлгани эҳтимоли юқори, демакки, айбдорни ижрочилар орасидан қидириш керак, улар эса ўз-ўзидан мансабдор шахс ҳисобланади.
Янги модда, янги йўналиш ва топшириқлар билан яна Бешариқ тумани прокуратурасига қайтганидан кейин ҳам «дело»нинг пешонаси очилмаганига нима дейсиз?! Жиноят иши яна ёпилди: жиноий ҳодисанинг ўзи йўқ, ҳамма оппоқ, ҳамма дўмбоқ... Туманда ёпилаётган ишни бекор қилавериш вилоят прокуратураси ходимларининг жонига тегди чоғи, улар ҳам «дело»ни қайта титкилаб кўришди ва... жиноят ишини тугатиш ҳақида ўзлари ҳам янги қарор чиқариб қўяқолишди.
Шундан кейин ҳам тадбиркор жим кетади, дейсизми? Бош прокуратурага ёзди. «Дело»ни ўрганган марказий маҳкама масъуллари қарашсаки, очиқ қолган саволлар кўп, аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳам етарли. Уларга ойдинлик киритмай туриб жиноят ишини тугатавериш — орзуларини ошкор қилаверадиган хаёлпарастнинг қилиғига ўхшайди-да. Хуллас, Бош прокуратура Бешариқ туман прокуратурасининг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорини бекор қилиб, «дело»ни вилоят прокуратурасининг ўзига юборди: туманда иш чиқмайди-ёв, ўзларинг кўрларинг...
Вилоят прокуратураси эса пойтахтни зиёрат қилиб келган ишни яна тугатиб қўяқолди.
Тадбиркор яна Тошкентга ёзди. «Дело» яна Бош прокуратурага чақирилиб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор яна бекор қилинди. Ва... иш яна Фарғонага жўнатилди.
Фарғона вилоят прокуратураси жиноят ишини тугатиш ҳақида яна қарор чиқарди...
Тошкент-Фарғона йўналишида бўзчининг мокисига айланган «дело» бир гал ҳатто Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари қўлига тушиб, навбатдаги бор абжағи чиқарилиб, «кўзни каттароқ очиб, қайтадан тергов қилларинг!» мазмунидаги кўрсатма билан вилоятга юборилди ҳам. Шунда кейин ҳам «иш»нинг пешонаси очилгани йўқ: тугатиляпти, тугатиляпти...
Алқисса, 2017 йилнинг февраль ойида қўзғатилган жиноят иши шу кунгача етти бор тугатилиб, яна шунча марта қайта очилди. Бу вақт оралиғида «дело» шишиб-семириб, олти (!) жилдга етди, бироқ амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Қойилмисиз? Буни рекорд деса бўладими? Албатта-да! Жиноий ҳодиса юз бермаган дейилса — далолатномадаги имзолар қалбакилаштирилганини эксперт айтиб турибди. Шу қалбаки имзолар билан тадбиркорнинг юз миллион сўмга яқин моли туя қилинаёзди. Нақд жиноят манаман деб турганига қарамай «жиноий ҳодиса юз бермаган» ёки «ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ», дея «иш»ни тугатавериш-тугатаверишнинг ўзи бўладими? Бунга ҳар ким ҳам қўл уравермайдики, бундоқ журъат қуввати қандай омилларга тақалиши катта илмий ишга мавзу бўлажак, насиб...
Жиноят ишини «очиб-ёпишлар» ҳали-вери тугамайди, чамаси. Негаки, тадбиркор Равшанжон Розиқов Фарғона—Тошкент—Фарғона йўналишида чопавериб, оғзидан қони келиб, думалаб қолмас экан, тинчийдиган сиёқи йўқ. «Дело»нинг аталаси чиқиб кетганига қарамай, Бош прокуратура ҳам вилоятнинг ишни тугатиш ҳақидаги қарорларини бекор қилишни бас қилишни хаёлига келтирмаётгандай. Бундан англашиладики, олдинда Фарғона вилоят прокуратурасини янги ва янги синовлар кутиб турганининг эҳтимоли катта. Жиноят ишини матонат билан тугатавериш учун эса вазиятга бир томонлама ёндашиб, марказий маҳкама кўрсатмаларини чала-чулпа бажариш ёки умуман бажармаслик талаб этилади, холос. Бу борада яхшигина тажриба тўпланганини инобатга олсак, «дело» янаям урчиб-кўпайиб, ўнлаб жилдга етишига шубҳа қолмаётир.
Демак, марра ҳали олдинда. На айтиб, на ёзиб бўлмайдиган тилакларимиз ёр бўлсин, азиз қонун пешволари!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter